“Марказий Фарғона” сув омбори атрофида экотуризм масканлари барпо этилади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрда қабул қилинган “Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, бу борада бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Айни жараёнда сув омборлари атрофида экотуризмни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ҳордиқ чиқариши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш назарда тутилган.
Фарғона водийси марказида жойлашган “Марказий Фарғона” сув омбори 85 минг гектар ерни суғоришга мўлжалланган бўлиб, қум устида барпо қилинган бундай ноёб сув ҳавзаси дунёда миқёсида бор-йўғи иккита. Бири Саудия Арабистонида бўлса, иккинчиси юртимизда бунёд этилган.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Марказий Фарғона” сув омбори атрофида экотуризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Боиси сув омборининг бир томони сунъий балиқ кўллари, иккинчи томони эса кенг ҳудудлар бўйлаб ястаниб ётган табиат ёдгорликлари қўриқхонасига туташиб кетган. Қолаверса, сув омбори Фарғона водийсини пойтахт ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи “А-373”халқаро йўли бўйида жойлашган.
Айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан сув омбори атрофида экотуризм масканлари ташкил этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
— Таҳлилларга қараганда, сув омбор атрофида бундай масканларни ташкил этиш мумкин бўлган 284 гектар ер майдони бор, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Шу тариқа ташаббускор тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари учун 0,5-1 гектардан ер ажратилади ҳамда 10 йил муддатга ижара шартномаси асосида берилади.
Ҳозир малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, айнан ташаббускор тадбиркорларнинг таклифлари асосида мукаммал лойиҳа тайёрланмоқда. Унда сув омборига туташ ҳудуддаги фермер хўжаликлари ерларини ҳам экотуризмга жалб этиш мақсад қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг