“Мардлик мактаби” қандай китоб?

19:02 16 Январь 2020 Жамият
2174 0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаш “Ёшлар пресс-клуби”да “Мардлик мактаби” китобинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ушбу китоб Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви қошидаги “Фаол фахрий ижодкорлар” жамоатчилик Кенгаши томонидан тайёрланган бўлиб, унда 65 нафар ижодкорнинг шеър ва ҳикоялари, публицистик мақолалари ўрин олган. Қуйида ушбу тўпламдан жой олган мақолалардан бири, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, юридик фанлари доктори, профессор Шуҳрат Жалиловнинг “Мардлик мактаби — мангу машъала” номли мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Тарихга айланган оламшумул воқеалар ҳеч қачон унутилмайди. Бугунги тинч-осуда ҳаётимиз учун 1941-1945 йилларда жонларини фидо қилган қаҳрамон оталаримизнинг Иккинчи жаҳон урушида эришган буюк Ғалабаси ҳам авлодлар қалбида мангу машъалага айланган. Муҳтарам Президентимиз шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 майда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи туфайли ана шу машъала қалбимизда яна бир бора порлади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз. Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса — фронт учун, ҳамма нарса —ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган эди. Юртимиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилган. Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Хусусан, ўзбек халқининг, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатгани ҳақида қанча асарлар ёзилган, фильмлар суратга олинган.

Ана шу мудҳиш кунларни ўз кўзлари билан кўрган авлод вакиллари бугун нуронийлар сафида ҳамиша эъзоздадирлар.

Барчамизга маълумки, орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чеккан юртдошларимиз бор. ўтганларни хотирлаб, сафимизда юрганлар қадрига етиш, эъзозлаш одатий ҳолга айланди. Мустақил Ўзбекистон давлати ва халқи тинчлик-тотувлик қадрини дилдан ҳис этади. юртимиз мустақиллиги йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинди. Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Тўмарис, Спитамен, Широқдан Маҳмуд Торобийгача, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекдан Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Жалолиддин Мангубердидан, Нажмиддин Куброгача ёдга тушаверади. Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий-умумхалқ байрамига айланди. Шу куни Ўзбекистоннинг барча қабристонларидан зиёратчилар аримайди. Бу байрамда, албатта, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Тошкент шаҳрининг марказида — Хотира майдонидаги 1999 йил 9 май куни очилган қадди дол Мотамсаро она сиймоси пойига битилган “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!” — деган сўзларнинг инсонийлигини, самимийлигини ўйлаб, бир юракдан ҳис этиб кўрайлик. Ҳалок бўлган тирик жон кимнингдир жигарпораси, демак, шу Ватаннинг фарзанди-ку! Ҳар бирининг ортидан қанча одам қон йиғлаб қолди. Умрининг сўнгги лаҳзасига қадар кўзларида ёши қуримай, ўғлини — жигарпорасини кутиб ўтган қанчадан-қанча мотамсаро она бор эди. Даҳшатли урушда ҳалок бўлган отажонини кўрмай яшаётганлар қанча...

Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик — Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. энди эса уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир “дафтар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

Бу ерга зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор қўшнисининг номига дуч келади. Беихтиёр, ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади. Улар қаторида мен ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган отам — Илҳом Жалилов ва уч ака-ука амакиларимни, урушда ҳалок бўлган жами 11 нафар Жалиловларни ёдга олиш учун невараларим билан ҳар йили шу ерга келиб, номларини ёд этамиз.

Отам Илҳом Жалилов икки ёшлигимда урушга кетиб, 1944 йилнинг 9 май кунида, ғалабага нақ бир йил қолганда, Севастополни озод этиш учун бўлган жангда ҳалок бўлганлар.

Отамизнинг тўрт нафар акаларидан фақат Ғани Жалилов тирик қолган эдилар, холос. У киши туман исполкоми раиси бўлиб ишлар, беш фарзандларига қўшиб, укаларининг тўрт боласини ҳам тарбиялаб вояга етказдилар. Биз Ғани амакимизни эркалаб “Опоқдада” деб чақирардик.

Келажак авлод биз кўрган қийинчиликларга асло дуч келишмасин. Бу тўкин-сочин кунларнинг қадрига етмоқ даркор. Ёш авлод билиши керакки, бу муҳташам кунларга осонликча етиб келинган эмас. Фронтда ва фронт ортида меҳнат қилган ҳар бир кишининг номига ҳурмат бажо келтириш ёшларимизнинг ҳам вазифаларидир. Зеро, озодлик ва эркинлик учун курашган, жон фидо этганларнинг номлари ҳеч қачон унутилмайди.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, Иккинчи жаҳон урушида, меҳнат фронтида иштирок этган мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда. Бугунги озод ва эркин ҳаёт учун, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун биз уларнинг олдида чексиз қарздормиз. Бу азиз инсонларни асраб-авайлаш, уларнинг соғ-саломат ва мазмунли умр кечиришлари учун барча шароитларни яратиб бериш — ҳаммамизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир.

Шундай эзгу мақсадда буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини тараннум этувчи тўплам нашрга тайёрланди. Унда ёшларимиз кимларнинг жасорати туфайли қарийб 75 йил мобайнида уруш балосини кўрмасдан, тинч ва бахтли замонда яшаётганимизни билиб оладилар ва бу дориломон кунларнинг қадрига етадилар, деган умиддамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер