“Манчестер Сити” ва “Челси”дан йирик ғалабалар
Кеча, 5 апрель куни Англия кубоги мусобақасининг чорак финал ўйинлари старт олди. Кун доирасида мухлислар 3 та ўйинга гувоҳ бўлишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов тўп сураётган “Манчестер Сити” клуби бу босқични ўз майдонида “Ливерпуль”га қарши ўтказди.
Ўйин олдидан мезбонлар ҳимоясида жиддий муаммолар мавжуд эди. Яъни Рубен Диаш, Жон Стоунс ва Йошко Гвардиол каби футболчилар жароҳати туфайли жамоага ёрдам бера олмади. Натижада жамоанинг марказий ҳимояси Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гуэҳига ишониб топширилди.
Учрашув “Манчестер Сити” учун жуда омадли ўтди. Ўйинда ҳисоб 39-дақиқада пеналтидан очилди. “Мерсейсайдликлар” дарвозаси томон белгиланган 11 метрлик жарима тўпидан Эрлинг Ҳоланд унумли фойдаланди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган иккинчи дақиқада Ҳоланд дублга эришди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 50-дақиқасида Антуан Семено ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Орадан 7 дақиқа ўтиб Эрлинг Ҳоланд ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якунда “шаҳарликлар” йирик ғалабага эришган ҳолда мусобақанинг ярим финалига йўл олди.
Ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов учун ҳам жуда омадли ўтди. Унинг ҳаракатлари “Sofascore” портали томонидан 7,5 баллга баҳоланди.
Чорак финалнинг иккинчи ўйинида эса “Челси” жамоаси ўз майдонида Англия учинчи дивизиони вакили “Порт Вейл“ жамоасини қабул қилди. Учрашув элита вакилининг йирик ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисоб 2-дақиқада Жоррел Ҳато томонидан очилди. 25-дақиқада Жоау Педро ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 43-дақиқада эса Жордан Лоуренс Гэбриэл ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Биринчи бўлим 3:0 ҳисобида Лондон клубининг ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида Тосин Адарабиойо ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. 69-дақиқада Андрей Сантос ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
82-дақиқада Эстевао ҳисобни 6:0 кўринишига келтирди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган иккинчи дақиқада эса Алехандро Гарначо пеналтидан унумли фойдаланиб ўйиндаги сўнгги голни киритди. Шу тариқа баҳс “аристократлар”нинг 7:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Куннинг энг кутилмаган натижаси эса “Саутгемптон” ва “Арсенал” ўйинида қайд этилди. Баҳс Чемпионшип вакилининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисоб 35-дақиқада Росс Стюарт томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 68-дақиқасида Виктор Гёкереш ҳисобни тенглаштирди. 85-дақиқада эса “Саутгемптон” аъзоси Ши Чарльз ўйиндаги сўнгги голни киритди. Шу тариқа мезбонлар мусобақанинг ярим финалига йўл олди, Микел Артета шогирдлари эса мусобақадаги иштирокини шу босқичда якунлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг