Мамлакатимизга олиб келинаётган қурол-аслаҳалар божхонада тўхтатилди

16:10 16 Март 2023 Жамият
533 0

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Фея” лақабли хизмат ити ёрдамида Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган “CADILLAC” русумли автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганида, унда Россия фуқаросига тегишли бўлган, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларацияси тақдим қилинмаган 1 дона газли тўппонча, 9 дона тўппончанинг газ баллонлари, 1050 дона “Выстрел калибр 4,5 мм” номли дроблар ва 2 дона газли тўппонча учун кабураларни ўз эҳтиёжи учун олиб келаётганлиги аниқланди.

Ҳудди шундай яна бир ҳолатда, “Довут-ота” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан мамлакатимизга кириб келган “FORD” русумли автотранспорт воситасида юртимизда фаолият юритаётган МЧЖларнинг бирининг номига олиб келинаётган ҳалқаро курьерлик жўнатмалари божхона кўздан кечирувидан ўтказилди.

Натижада эса, кузатув ҳужжатларида ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган оқ рангли полиэтилен қоп ичида аввал фойдаланилган 1 дона қора рангли “4,5 мм (ВВ CAL)” ёзувли пневматик тўппонча борлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчилик талабларига кўра, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига кўра амалга оширилади.

Пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш — қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер