Жиззахда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича тизими яратилади

16:01 06 Апрель 2026 Жамият
293 0

Мамлакатимизда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, муаммоларни манзилли ҳамда тизимли ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотлар ҳамда муассасалар, уларнинг қуйи бўғиндаги бўлимларида 2026 йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш»га бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасадди ва масъул идоралар, ҳокимликларга маҳалла ва овуллар, қишлоқларга чуқурроқ кириб бориш ва инсонлар дардини тинглаш бўйича берган бир қатор топшириқларининг ижроси ҳафта давомида ўрганилди.

Ўрганиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатлар, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш ва ижобий ҳал этиш чораларини кўришга қаратилган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов кун тартибидаги мавзу бўйича сўзга чиқдилар.

Видеоселектор тарзида ўтган семинарда Халқ қабулхоналари бош мутахассислари, вилоят ва туманлар ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этишди.

Семинарда таъкидландики, Жиззахда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими бутунлай янги босқичга олиб чиқилмоқда. Вилоятда қўлланилаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилиш ютуқлари бошқа вилоятларга ҳам жорий қилинади, соҳада рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятлари қўлланилади. Ҳар бир мурожаат — фақат расмий ҳужжат эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги самарали мулоқотнинг бир қисми сифатида кўриб чиқилади.

— Фуқароларнинг мурожаатлари ва улардаги кўтарилган масалалар, бугунги республика ишчи гуруҳи ўрганиши натижалари ва мазкур ўқув-амалий семинар аҳоли дардини тинглаш, муаммоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этишга қаратилган, — дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги мурожаатлар бўлими бошлиғи Фарход Абдулҳакимов. — Шу билан бирга, вилоятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириб мурожаатларни камайтириш, тизимли ёндашув орқали келгусидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Жиззахда жорий этилаётган янги тизим, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ва давлат хизматларини самарали ташкил этишга қаратилган. Бу каби амалий ёндашувлар фуқаролар билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер