Малайзияда «Сирдарёда бизнес қилинг» бизнес-форуми ўтказилди
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида Эркинжон Турдимов бошчилигидаги Сирдарё вилояти делегацияси иштирокида «Сирдарёда бизнес қилинг» мавзусида бизнес-форум ҳамда қатор амалий учрашувлар ташкил этилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбир доирасида Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган корхоналар ва Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида самарали B2B форматдаги учрашувлар ўтказилди. Уларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, делегация Powerjog (M) Sdn Bhd, Jubi Sdn Bhd, ASOCIO, Malaysia Contact Centre Association, Sity Marine, Bionexus, Riyyalcomm ва EPS Consulting каби нуфузли компаниялар билан саноат, қурилиш, рақамли технологиялар ва агросаноат соҳаларида қўшма лойиҳалар юзасидан G2B форматда мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, Basisbay дата марказида рақамли инфратузилма ва замонавий ахборот технологиялари хизматлари соҳасидаги илғор ечимлар билан яқиндан танишилди.

Сафар давомида Weststar Group раҳбарияти билан ҳам учрашув ва ишбилармонлик музокаралари ўтказилиб, келгусида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Сирдарё вилояти делегацияси мазкур хизмат сафари доирасида аввалроқ Корея Республикаси ва Японияда ҳам бўлиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор музокаралар ўтказган ҳамда муҳим келишувларга эришган эди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг