Малайзия компанияси Фарғонада қуёш электр станцияси қуради

15:37 19 Август 2024 Жамият
679 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлигида Малайзиянинг қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Sunview Group» компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Юзма-юз мулоқотда компания томонидан Фарғона туманида бунёд этилиши режалаштирилаётган қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси лойиҳаси кўриб чиқилди.

Истиқболли лойиҳа қиймати 150 миллион АҚШ доллари бўлиб, у Малайзиянинг ушбу йирик компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестиция киритилиши ҳисобига давлат хусусий шериклик тамойили асосида бунёд этилиши режалаштирилган.

Айни пайтга қадар мазкур компания ҳамда Энергетика вазирлиги мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, лойиҳани амалга ошириш учун Фарғона туманидан ер майдони ажратилган. Компания томонидан ҳудуднинг техник ва иқтисодий имкониятлари ўрганилгач, тўртинчи чоракдан қурилиши ишларига киришиш мақсад қилинган.

Шунингдек, учрашувда компания вакиллари томонидан вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик асосида қуёш панеллари ўрнатиб бериш, икки томонлама олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Ҳамкорлик кўламини жадал ривожлантириш мақсадида Малайзия ва Фарғонада ваколатхона очиш таклифи билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер