Мактабларда сувни чучуклаштириш тизимлари барпо этилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Пешку тумани «Боғимусо» маҳалла фуқаролар йиғини Дўрман қишлоғида жойлашган 3-умумтаълим мактабида ер ости сувини чучуклаштириб берадиган тизим яратилди.
— Билим даргоҳимизда 623 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда, — дейди мактаб директори Шокир Эгамбердиев. — Шу вақтга қадар ичимлик сувини четдан ташиб келтиришимизга тўғри келар, бу ноқулайлик туғдирарди. Шунингдек, замонавий ҳожатхона, душхоналарга ҳам эҳтиёж бор эди. Яқинда мактабимизда «Замин» фонди лойиҳаси асосида чуқурлиги 110 метр бўлган қудуқ бурғуланди. Қудуқдаги сувни фильтрлаб чучук ҳолга келтирадиган тизим барпо этилди. Канализация тармоқлари тортилиб, душхона ва ҳожатхоналар ҳам санитария – гигиена талабларига жавоб берадиган даражага келтирилди. Бу юмушларнинг барчаси компьютерлаштирилганини ҳам таъкидламоқчиман. Яратилган қулайликлардан хурсандмиз, албатта.

Фонднинг шўр ва тахир ер ости сувларини артезиан қудуқлар қазиш орқали замонавий ускуналар воситасида биологик тозалаш, уни истеъмолчиларга чучуклаштирилган ҳолда етказишдек олижаноб мақсад кўзда тутилган мазкур лойиҳаси шарофати билан жорий йилда Бухоро вилоятидаги 17 та мактабда тоза ичимлик сув таъминоти ва санитария тизими йўлга қўйилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг