Мактаб дарсликларини ким(лар) чоп этмоқда?
Фото: Архив сурат
Мактаб дарсликларининг ижара нархи бир неча бараваргача ошиши жамоатчиликнинг диққат эътиборидаги асосий масалага айланди.
Davletovuz'нинг ёзишича, 2022 йилнинг 1 январидан Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликлар чоп этишга эълон қилинган тендерларда «Kolorpak» МЧЖ 260 млрд сўмдан ортиқ буюртмани ютган. «OʼZBEKISTON NASHRIYOT MATBAA IJODIY UYI» эса (100% давлатники), ҳисоб-китобларга кўра, 110 млрд сўмдан ортиқ давлат буюртмасини олган. Ғафур Ғулом нашриёти (тўлиқ давлатники) эса тахминан 26 млрд сўм атрофида буюртма олган. «Yangiyul Poligraph Service» МЧЖ эса тахминан 47 млрд сўмлик буюртма олган.
«Kolorpak» МЧЖ ҳақида. Мазкур МЧЖнинг 26,6 фоиз улушига «TELERADIOKOMPANIYA ZOʼR» МЧЖ, 36,7 фоиз улушига Ахмедов Шухрат Якубжанович ва қолган 36,7 фоиз улушига Исраилов Исмаил Иркинович (у илгари «Akfa Engineering and Management» директори ва директор ўринбосари бўлиб ишлаган) эгалик қилади.
Компания 2021 йилда «Ўқитувчи» нашриётини 22,3 млрд сўмга хусусийлаштириб олган. Шунингдек, «UNICON.UZ» ДУКнинг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 17-мавзе, Янги шаҳар кўчаси, 1а-уй манзилидаги полиграфия цехи биноси тегишли ҳудуди билан биргаликда «ноль» харид қийматида «Kolorpak» МЧЖга бериб юборилган.
«Yangiyul Poligraph Service» МЧЖ эса, юридик шахслар реестрига кўра, 49,3 фоиз улуши Джураева Зухра Зелимхановнага, яна 49 фоизи Худайкулов Рустам Сулеймановичга тегишли.
Дарсликлар конституция ва давлат кафолатлаган бепул мактаб таълимининг узвий ва ажралмас қисмидир. Мактаб дарсликлари бепул бўлиши лозим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг