Маҳаллам – ота-онам
Мен ёлғиз онаман. Самарқанд шаҳридаги “Боғдод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан. Уч фарзандим бор. Иккинчи фарзандим ногиронлиги сабабли ҳеч қаерда ишлай олмайман. Ёш болаларим билан ёлғиз қолиб кетганимдан жуда тушкунликка тушган эдим. Шукрки, юртимизда инсон ва унинг қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган халқпарвар сиёсат сабаб бу тушкунликларни енгдим, мен ва фарзандларим жамиятдан четда қолиб кетмаганимизни ҳис қилиб яшамоқдамиз.
Бугун менинг отам ҳам, онам ҳам маҳалла бўлиб қолган. Маҳалламиз раиси ва фаоллари, 5-сонли оилавий поликлиникамизнинг шифокор ва ҳамширалари ўз вазифасига виждонан, масъулият билан қарайдиган инсонлар. Улар ҳар доим оиламдан, ногирон фарзандимнинг ҳолидан бохабар бўлиб туришади. Иккинчи фарзандимга ногиронлик нафақаси ва 2 ёшга тўлмаган кичигимга бола пули оламан. Катта ўғлим уйимизга яқин жойдаги 53-сонли мактабгача таълим ташкилотига боради. Менинг оилавий шароитимни инобатга олиб, фарзандим учун тўланадиган боғча пулидан ҳам озод килишган.
Яқинда Янги йил байрами арафасида мендай эҳтиёжмандларга Президентимизнинг 800 минг сўмдан пул мукофоти ва илиқ табрикларини етказишди. Бундан ташқари яхшилардан келадиган эҳсонми, саховатпешаларнинг ёрдамларими, албатта, менинг оиламга ҳам илинадилар. Бизга ва маҳалламиздаги бошқа эҳтиёжманд оилаларга қилинаётган бундай яхшиликларни кўриб руҳланаман.
Ҳар бир раҳбар ёки ходим ўзига ишониб топширилган вазифани ана шундай масъулият билан, Президентимиз ва юртдошларимиз олдида виждонан, ҳалол бажарса, халқимизни рози қилган бўлади.
Истардимки, юртимизда шундай маҳаллалар, эзгу ишлар кўпаяверсин.
Малоҳат МУЛЛАЖОНОВА,
Самарқанд шаҳри, “Боғдод” МФЙ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг