Маҳаллалар ҳаётидаги муҳим жараён олдидан

15:52 31 Март 2022 Жамият
643 0

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг иш режасига мувофиқ шу кунларда юқори палатада доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларда бўлиб, аҳоли ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Учрашувларда Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган ҳужжатлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилмоқда.

Шу билан бирга қонунлар ижроси, жойларда ислоҳотларнинг бориши ҳамда эришилган натижалар таҳлил этилиб, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик жараёнлари, уни уюшқоқлик билан очиқлик тамойиллари асосида ўтказиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Чунончи, Навоий шаҳрида ҳам ZOOM платформаси орқали ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қ. Турсунов, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш. Бафаев, Навоий вилоят ҳокими ўринбосарлари, котибият мудирлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, маҳалла жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминловчи муҳим бўғин сифатида мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва тинчлик-осойишталикнинг гаровидир. Шу боис фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига юксак масъулият билан ёндашиб, мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган меъёрлар асосида ўтишини таъминлаш даркор.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳудудлардан иштирок этаётганларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланиб, ташкилий масалалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер