Маҳалладан маълумотнома берилиши бекор қилинди
4 октябрь куни "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали маълум қилди.
Қарорга биноан 15 октябрдан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этиладиган қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди:
шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлигини;
шахснинг ишсизлигини;
болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
шахснинг тавсифномаси.
Эндиликда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганини ва унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар зарур бўлса, мазкур маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишинча Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан олинади.
2020 йил 1 январдан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида оила таркиби, қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ФҲДЁ органларидан мустақил равишда олинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг