“Маҳаллада дув-дув гап”
Айни пайтда Фарғона вилоятида вилояти бўйлаб ўтказилаётган “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги “Маҳаллада дув-дув гап” тадбирлари доирасида ҳар бир маҳалла қамраб олинди. Шу тариқа Янги йил шукуҳи билан уйғунлашган учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ёшу кексага бирдек манзур бўлаётир.
— Юзма-юз мулоқотларда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришларнинг халқимиз ҳаётидаги аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириляпти, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси Шавкатжон Тўйчиев. — Бу каби учрашувлар, энг аввало, ҳамюртларимизнинг ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини янада ошириши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоиз, шаҳар-туманларда бўлиб ўтаётган тадбирларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, янги авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзолари таклиф этиляпти. Самимий суҳбатларда Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритилиб, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёти, юрт келажаги учун ҳар биримиз масъул эканлигимиз таъкидланмоқда.
Ўз навбатида тадбирлар доирасида маҳалладаги ёлғиз кексалар ва ногирон ёшларнинг ҳолидан хабар олиняпти. “Маҳалладаги маърифатли аёл”, “Маҳалладаги одобли қиз”, “Маҳалла келини” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилмоқда. Маданий-маърифий учрашувларда таниқли ижодкорлар, санъаткорлар чиқишлари барчага хуш кайфият бахш этаётир.

Шу тариқа вилоят миқёсида бир ой давом этадиган “Маҳаллада дув-дув гап” лойиҳаси 5 та йўналишда ташкил этилади ва унда вилоятдаги барча маҳаллалар тўлиқ қамраб олиниши режалаштирилган. Шунингдек, таълим ва фан намояндалари, ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирокида мулоқотлар ўтказилади. Театрлар, музейларга саёҳатлар уюштирилиб, маҳаллада жойлашган таълим муассасаларида китоб ярмаркалари, “Заковат”, “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Беш муҳим ташаббус” ва “Армия – ватанпарварлик ва жасорат мактаби” каби тадбирларни ташкил этиш мақсад қилинган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг