«Маҳалла ифтихори» муносиб эгаларига топширилди
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳридаги «Афросиёб» тантаналар мажмуасида 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини юртимизнинг қўшалоқ байрамлари билан самимий муборакбод этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида маҳалла тизими ходимларининг ҳам муносиб ўрни бор. Айни пайтда вилоятда 1 минг 62 та МФЙ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир маҳаллада халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ушбу соҳа вакиллари фаоллик кўрсатиб келмоқдалар.
Байрам тадбирида соҳа ходимлари куни муносабати билан Президент Фармонига кўра тақдирланган 4 нафар фарғоналик номи тантанали равишда эълон қилинди.
— Узоқ йиллик меҳнат фаолиятим давомида маҳалла институти ривожига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Акрамжон Юлбарсов. — Камтарона фаолиятим «Дўстлик» орденига муносиб кўрилгани менга ўзгача ғурур ва ифтихор бахш этди.
Шунингдек, тадбирда бир гуруҳ фаолларга «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари топширилди.
Санъат усталари, ёш истеъдодлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг