МАГАТЭ эксперти: “АЭС – бу миллий лойиҳа”
“Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси – бу фахрланиш лозим бўлган миллий лойиҳадир”. Яқинда Тошкентда ташкил этилган семинарда МАГАТЭ эксперти Жорж Хаддад ушбу сўзларни алоҳида айтиб ўтди.
Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу семинар ўзбекистонлик мутахассислар, “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ходимлари учун МАГАТЭ миссияси иштирок этган биринчи кенг миқёсли тадбирга айланди. У Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши учун майдон танлаш мавзусига бағишланди.
“Сиз ушбу лойиҳа билан фахрланишингиз керак, сиз бирга ишлашингиз лозим”, - деди МАГАТЭнинг ядро инфратузилмалари бўйича муҳандиси Жорж Хаддад семинарда чиқиш қилар экан. - Ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир идора АЭСни мустақил қурмайди. Ушбу лойиҳа барча учун муҳим эканлигини тушуниш керак. Бошқа идоралар билан ҳам лойиҳа устида ишлашни мувофиқлаштириш лозим”.
МАГАТЭнинг яна бир эксперти, Ядро қурилмалари хавфсизлиги бўлими бошлиғи Грег Жентовскийнинг фикрича, Ўзбекистон бўлажак АЭС учун пухталик билан майдон танлаш масаласига жиддий қараётгани жуда муҳимдир. Ушбу босқичда ўзбек мутахассисларининг билимларини ошириш мақсадида Тошкентга МАГАТЭ миссияси таклиф этилгани ҳам бунинг тасдиғидир.
“Ушбу лойиҳада ишлаш, майдон танлашга тааллуқли маълумотлар билан бўлишиш мен учун ёқимли бўлди, - дейди у. – Бошиданоқ тўғри йўлга тушиб олиш учун мазкур иш ҳар томонлама пишиқ-пухта олиб борилиши лозим. Бу фаолият барқарор ва хавфсиз ривожланиши учун кафолат ҳисобланади. Ушбу семинар МАГАТЭ экспертлари учун нафақат билимлари билан ўртоқлашиш, балки сизнинг устуворликларингизни яхшироқ тушуниш имконини берди. Ўзбекистондаги биринчи АЭСни қуриш бўйича сизнинг графикингиз жуда қатъий мақсадга қаратилган. Ва биз сизларга олдинга қўйилган мақсадларга эришишингизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз”.
Семинарнинг “АЭСни жойлаштириш майдони хавфсизлигини ташқи таъсирларни ҳисобга олган ҳолда баҳолаш бўйича бўлажак экспертлик миссиясига тайёргарлик(SEED миссияси)” дея номланган асосий мавзуси МАГАТЭнинг яна бир эксперти, ядро хавфсизлиги бўйича бош мутахассис Айхан Алтинйўллар томонидан кенг очиб берилди. У семинар якунлари ҳақида фикр билдирар экан, лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича ҳамкорликдаги катта ишга тамал тоши қўйилганини таъкидлади. МАГАТЭ АЭС қурилиши учун муҳим бўлган сейсмология, гидрология, метрология, геотехника ва бошқа жиҳатлар бўйича семинарлар ташкил этиш имкониятига эга.
Тадбир давомида Халқаро атом энергияси агентлиги экспертлари томонидан ядро-энергетика дастурида ядро хавфсизлиги роли, МАГАТЭнинг АЭС учун майдон танлаш масаласига ёндашувлари, АЭС учун майдон танлаш ҳамда баҳолаш билан боғлиқ хавфсизлик меъёрлари бўйича ҳужжатлар, атом электр станциясини жойлаштириш фаолиятини бошқариш, ушбу жабҳадаги экологик мезонлар хусусида батафсил маълумотлар берилди ҳамда улар қизғин муҳокама қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг