«Мабодо гулларга айланиб қолсам...»
Фото: Халқ сўзи
Ўшанда устоз журналист Тошпўлат Аҳмедовнинг «Бухоро ҳақиқати» (ҳозирги «Бухоронома») газетаси бош муҳаррири сифатида иш бошлаганига чамаси уч-тўрт ой бўлган эди. Бир оқшом чироғи ёниқ хонага бирров кириб, «Навбатчимисиз?» деб сўраб қолди.
Якшанба ва душанбани истисно этганда ўша кезларда маҳаллий газеталар ҳар куни чоп этилар, навбатчиларнинг тун ярмигача, баъзан тонгга қадар таҳририятда қолиб кетишлари одатий ҳол эди.
— Ҳа, навбатчиман, — дея жавоб берди толиққани шундоқ сезилиб турган ёш ходим.
— Навбатчилик тугагач, қаерга борасиз? Тунагани бошпанангиз борми?
Бош муҳаррир ходимнинг оиласи билан узоқ бир қишлоқда яшашини, вилоят марказига ҳар куни оз эмас, кўп эмас, 40 километр йўл босиб келишини эшитган эди. Шу боис саволининг жавобини кутмаёқ давом этди:
— Насиб этса, шаҳардан уйли бўласиз, ука. Фақат дилбар нарсалар ёзишни канда қилмасангиз, бас.
Бундан ишга рағбати ошган ёш ходим, устоз айтганидек, «дилбар нарсалар»ни ёзишга жиддий киришди. Эътиборлиси, бу мақолаларнинг ҳали сиёҳи қуримай туриб, бош муҳаррирнинг кўмаги, жонкуярлиги, бошқаларнинг ўй – ташвишини ўзиники каби қабул қилгани туфайли уй масаласи ҳал бўлди.
Бу Тошпўлат Аҳмедовнинг ёш қаламкашларга елкасини тутиб бергани, улардан меҳрини аямаганига оид биргина мисол, холос. Ваҳоланки, бу инсоннинг кўмаги, қўллаб-қувватлаши, оқилона маслаҳатлари туфайли ҳаётда адашмаган, ижодда ўз ўрнини топган, елкасига офтоб теккан қаламкашлар жуда кўп.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб, дейишади. Кейин маълум бўлдики,Тошпўлат аканинг ўзи ҳам бир пайтлар Шофиркондан «Бухоро ҳақиқати»га ишга келганида турар-жой масаласида жуда қийналган, оиласи билан ижарада яшаган.
— Муҳарриримиз Облоқул Эгамов деган инсон эди, — деган эди шу мавзуда сўз очилганида у киши. — Андижонлик бўлган бу ижодкор жуда хушчақчақ, ҳазил-мутойибага ўч, бир қарашдаёқ ёшлар иқтидорини илғай оладиган, бағрикенг раҳбар саналарди. Шу киши 1966 йилда она шаҳрига кўчиб кетаётган паллада ўзи яшаган уч хонали уйни номимга текинга расмийлаштириб қолдирди. Аммо ажаб замонлар экан- да, орадан кўп вақт ўтмай, «Бу уй обкомга тегишли, уни тезда бўшат», дея дағдаға қилишди. Ноилож уйдан чиқиб кетдим. Салкам тўрт йил ижара уйларда яшадим...
Сирасини айтганда, устоз, мураббий бўлмоқ ҳам шараф, ҳам масъулият. Мабодо, у раҳбарлик вазифасида ишласа, бу масъулият ўн чандон ошади. Дейлик, давраларда бирор ижодкор ҳақида сўз бораркан,«Устозига раҳмат» дейишса, унга тўғри йўлни кўрсатган, шогирдининг ҳаётдан ўз ўрнини топишига кўмаклашган инсоннинг кўкси тоғдай кўтарилади.
Тошпўлат ака кўкси тоғдай бўлиб юрган ана шундай устозлардан эди.
— Онажонимни жуда яхши кўрардим, — деб қолди у киши бир суҳбатимизда. — Жуда маъсума, содда, билимли, хокисор аёл эдилар. Алла айтганларида юраклар сел бўлиб кетарди. Рус тилида равон сўзлашардилар. Чекка бир қишлоқда яшаб бу тилни қандай қилиб ўрганган эканлар, деб ҳайрон қолардим. Шу ҳақдаги саволимга «Болам, ўқисанг ҳамма нарсага эришасан», дея хўрсинган кўйи жавоб қайтарардилар. Кейин қўлларини дуога очардилар.
Она дуосини олган фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди.Тошпўлат аканинг шоир, публицист, таржимон, устоз – мураббий сифатида обрў – эътибор топгани, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони соҳиби бўлгани, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан тақдирлангани замирида айнан шу синоат ётмаганмикан, дея ўйланиб қоласан киши.
Айтмоқчи, Т. Аҳмедовнинг волидаси Қурбоной аянинг болалиги жуда оғир кечган. Ота-онаси, яқинлари билан биргаликда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғида сургунда яшаган. Отаси ва амакиларининг хоки ёт ўлкада қолиб кетди. Қулоқлаштириш азоб – уқубатларини тортган 7-8 ёшли Қурбоной ўша ерда рус тилида савод чиқарган.
Юртимиз истиқлолга эришганидан кейингина фарзандларига сулоланинг шу оғир кечмишни сўзлаб берганини эшитиб, онаизорнинг сабру қаноати, иродаси, бардошига таҳсин айтгинг келади.
Тошпўлат аканинг мунгли ўтмишимиз, Фитрат, Файзулла Хўжаев, Чўлпон каби юрт фидойилари ҳақидаги битиклари ОНА айтган маҳзун ҳикоянинг давомидек туюлади...
«Табассум боғи», «Гавҳари жоним», «Қутлуғ остона», «Имон қалъаси» каби ўнлаб китоблар муаллифи бўлган Т. Аҳмедовнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, республикамизда номи тилга тушган «Бухоро мавжлари» журналини ташкил этиш ташаббускори ва шу нашр бош муҳаррири сифатидаги фаолияти ҳақида ҳам кўп ва хўп сўз юритиш мумкин.
...Тошпўлат аканинг ҳовлисидаги шинамгина ижодхонага туташ меҳмонхонадан дўсту биродарлар қадами узилмайди. Хусусан, устознинг таваллуд куни арафасида узоқ–яқиндан келган олиму санъаткорлар, шоир ёзувчилар, шогирдлар Ойша янгамиз дид билан безаган дастурхон атрофида ширингина суҳбат қуришади, дийдорлашув адабиёт, маънавият мавзуcидаги кичик, бироқ дилбар бир анжуманга айланади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тошпўлат Аҳмедов (Тошпўлат Аҳмад) таваллудининг 80 йиллиги Бухорода кенг нишонланаётган шу кунларда бу анъана давом этяпти. Аммо... Афсуски, хонадон соҳибининг ўрни бўш турибди. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, она шаҳрининг тошларини ҳам куйлата олган ижодкор орамизда йўқ. Лекин чинакам ижодкор ўлмайди. Буни Тошпўлат Аҳмад ўзининг бир шеърида шундай ифодалаган эди:
Мабодо гулларга айланиб қолсам,
Файз бериб турайин хонадонларга.
Қувонсин севганлар мени кўрган дам,
Нур бўлиб таралай хиёбонларга.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг