Лондондаги кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданияти тарғиб қилинди
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон 2 февраль куни Лондоннинг «Olympia» кўргазма марказида бошланган «Destinations the Holiday & Travel Show 2023» (дам олиш ва саёҳатлар кўргазмаси)да иштирок этди.
Мазкур тадбир доирасида Софи Иботтсон томонидан британиялик туроператорлар, туристик ташкилотлар ва сайёҳлик ОАВлари билан учрашувлар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти, маданияти, тарихи ҳамда маданий мероси тарғиб қилинди.
«Ушбу тадбир европалик туристлар, сайёҳлик соҳаси мутахассислари, машҳур ОАВ вакиллари, травел-фотографлари ва тадқиқотчилари билан бир қаторда уларнинг Ўзбекистонга амалга оширадиган кейинги саргузаштлари учун илҳом бағишлайди», — деди Софи Ибботсон.
Қолаверса, туризм соҳасида олиб борилаётган энг сўнгги ислоҳотлар, мавжуд имкониятлар, соддалаштирилган виза масалалари, авиапарвозлар қатнови, янги барпо этилган туристик объектлар, хусусан, «Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» ташаббуси ва туристик зоналар ҳақидаги маълумотлар европалик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистонга сайёҳларни жўнатиш билан шуғулланувчи Буюк Британиянинг «Audley Travel», «Cox & Kings», «Exodus», «Explore», «G-Adventures», «Intrepid», «Jules Vernes», «Regent Holidays», «Steppes Travel», «Titan Travel», «TransIndus», «Travel the Unknown», «Trotting Soles», «Wendy Wu Tours», «Wild Frontiers», «Yellowwood Adventures» ва бошқа йирик туристик ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Бундан ташқари, Буюк Британиянинг туризмга ихтисослашган «Bradt Guides» нашриёти стенд остидаги «My Uzbekistan» ва «Karakalpakstan» номли туристик қўлланмалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Дам олиш ва саёҳат кўргазмаси Буюк Британиядаги йирик туристик тадбир бўлиб, 5 февралгача давом этади. Ушбу тадбир 200 дан ортиқ етакчи ва ихтисослашган мустақил туризм брендларини, жумладан, 100 дан ортиқ туроператорлар, меҳмонхоналар тармоғи, сайёҳлик кенгашлари ҳамда кейинги таътильда қаерга саёҳат қилишни ўрганаётган кенг жамоатчилик вакилларини бирлаштиради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг