Лондондаги “Cross Works” компанияси Тошкентда ўз ваколатхонасини очади
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усманов Лондонда жойлашган халқаро архитектура компанияси — “Cross Works” асосчиси Ҳакан Акча билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида Ҳакан Акча “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ҳамкорликдан мамнун эканини қайд этди. Эслатиб ўтамиз, айнан ушбу компания Янги Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиққан.
Эндиликда компания ўз фаолиятини кенгайтириб, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳаларида ҳам иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди.
Учрашувнинг энг муҳим натижаси сифатида Тошкент шаҳрида “Cross Works” компаниясининг Марказий Осиё ва МДҲ учун минтақавий ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди. Бу қадам компаниянинг минтақадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Британия томони фақат лойиҳалаш билан чекланиб қолмай, ўзбекистонлик архитектор ва муҳандислар учун малака ошириш дастурлари, халқаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун: “Cross Works” — шаҳарсозлик, архитектура дизайни ва рақамли картография йўналишида инновацион ечимлар таклиф этувчи халқаро компания. Унинг офислари Лондон ва Ар-Риёз шаҳарларида жойлашган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг