Лойиҳа билан қандай нормалар белгиланяпти?

19:43 03 Октябр 2022 Жамият
615 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бўлган қатор муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Кун тартибидаги дастлабки масала — “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Президентимизнинг “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Мазкур лойиҳа билан фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари киритилаётган нормаларни қизғин муҳокама қилиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Шундан сўнг, “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўз вақтида кўриб чиқиш ва қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Белгиланаётган нормалар билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига 15 октябрдан кечиктирмасдан киритилиши назарда тутилмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб, уни маъқулладилар.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар бериб, ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан фракциянинг қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер