Лизинг машмашаси 

16:39 07 Октябр 2019 Жамият
1616 0

Бугун автомашина олишда, айниқса, лизинг шартномаси бўйича харидларда айрим тушунмовчиликлар, баҳсли вазиятлар ҳам содир бўлмоқда. Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти, Косон туманидан мактуб йўллаган Шаҳбоз Исломовнинг мурожаатида ҳам шу билан боғлиқ муаммо кўтарилган.

Шикоятчининг таъкидлашича, 2018 йил 5 март куни “Умид автолизинг” корхонаси билан “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш учун 3 йил муддатга лизинг шартномаси тузиб, тўловнинг 30 фоизини тўлаган. Шартномада бир ойлик тўлов 1 581 585 сўмни ташкил этиши қайд этилган. Харидор, ўзининг урғу беришича, ҳар ой ўз вақтида тўловни амалга оширган. 

2019 йилнинг июль ойига келиб, Ш. Исломов иқтисодий аҳволи оғирлашгани учун тўловни амалга ошира олмаган. Шу сабаб, 26 июль санасида корхона вакиллари “автомашинани техник кўрикдан ўтказиб берамиз”, деб ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан олиб кетган. Автомашина техник кўрикдан ўтказилганидан сўнг, қайтариб олишда қийинчилик бўлмаслиги учун шикоятчи жорий йилнинг 6 август куни июль ҳамда август ойлари учун тўловни тўлаб, барча ойлик тўловларидан қутулган. Машинадан эса ҳалиям хабар йўқ. Буни Ш.Исломов мактубда қуйидагича изоҳлайди:

“Уларнинг бош офисига мурожаат қилганимда, автомашинамнинг умумий қийматидан 28 468 540 сўм қолганлигини, ушбу суммани бирданига қўшимча 10 млн. сўм билан жами 38468540 сўм тўлаб, автомашинани олиб кетишим мумкинлигини, акс ҳолда ҳозиргача тўлаган пулларимга ва автомашинага куйиб қолишим тушунтирилди. Бунинг сабабини сўраганимда, шартномада кўрсатилган, деган турли баҳоналарни келтиришди. Мен Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман ҳамда ўзбек тилида лотин алифбосида таълим олганлигим сабабли уларнинг рус тилида ёзилган шартнома мазмунини тушунмаган ҳолда имзолаб берганман. Корхона мутасаддилари ҳам менга шартнома мазмуни ва моҳияти тўғрисида ҳеч қандай тушунча беришмаган...”

Мана шу ерда илкис хўрсинади одам: Яна шу масала, яна  она тилимизга эътиборсизлик. Бу оғриқли мавзу. Ҳалигача айрим ҳужжатлар рус тилида юртилмоқда. Савол устига савол туғилади:  Хўш, рус тилини билмаганлар-чи? Улар икки орада сарсон бўлиб юраверадими? Биргина, юқоридаги ҳолатда ҳам шартнома рус тилида тузилгани, мижоз нима ёзилганига тушунмасдан имзо чеккан (лекин аслида билмасдан имзо чекишни ҳам оқлаб бўлмайди — бизнинг изоҳ) алалоқибат шунча сарсонгарчилик юзага келган. Қайси корхона ёки ташкилот бўлишдан қатъи назар, ўз мижози ёки ҳамкори билан битим тузаркан, унда белгиланган қонун-қоидалар, шартлар иловаси ўзбек тилида изоҳланмаса, жилла қурса, оғзаки тушунтириб берилмаса, ҳар қадамда тушунмовчиликлар, қонунбузарликлар келиб  чиқаверади.  

Лизинг асосида олинадиган автомашина шартномаси фақатгина рус тилида берилиши нафақат истеъмолчининг ҳуқуқларини поймол қилиш, балки Давлат тилига ҳам ҳурматсизликдир. 

Харидорга корхона томонидан берилган рус тилидаги шартнома билан танишар эканмиз, унинг 7.1 Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қисми “б” бандида келтирилган “Суғурталовчи (корхона)дан шартнома юзасидан маслаҳат сўраши”, шунингдек, 7.4 Суғурталовчи мажбуриятлари қисми “а” бандида “Лизинг олувчи ҳамда Лизинг берувчи шартнома шартлари билан таништирилиши” кераклиги алоҳида белгиланган. Бу рус тилида тақдим этилган ҳужжат давлат тили бўлган ўзбек тилида ҳам илова қилиниши ёки оғзаки изоҳ берилиши шарт эканини англатади. Хўш, амалда шундай бўлганми? Биз бунга аниқлик киритиш мақсадида корхона бош офисига мурожаат қилдик. 

—  Биз Ш.Исломовга шартнома шартларини тушунтирганмиз. — дейди  “Умид автолизинг” корхонаси директори Умид Паттахов. — Автомашинани олиб қўйганимизга сабаб, ойлик тўловлар бир неча бор вақтида бажарилмаган, огоҳлантирув хатлари юборишимизга қарамай харидор такрор ва такрор кечиккан. Ойлик тўловга кечиккан тақдирда харидорга жарима солиниши шартномада ҳам қайд этилган ва буни шикоятчига тушунтирганмиз. Эндиликда ушбу масала юзасидан фуқаролик судига мурожаат юборилган, фуқаро шартномада келтирилган жаримани тўласагина машинани қайтариб олиши мумкин.

Бу — иккинчи томоннинг жавоби. Мутасадди шахс айтганидек, агар масала судда кўриладиган бўлса, унда қонуний хулосани суд чиқаради. Лекин шу ўринда яна бир маълумот эътиборимизни тортди.  Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси матбуот хизматининг хабарига кўра, “Умид автолизинг” МЧЖ билан боғлиқ бу каби муаммолар Андижон, Фарғона ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалларида ҳам кузатилган. На пулини, на машинасини ололмаётган фуқаролар фақатгина Федерация аралашуви билан муаммоларини ҳал қилмоқда...

Такрор айтамиз, биз ҳар иккала тарафнинг ҳам фикрларига қулоқ тутдик. Аслида ҳар иккала тарафнинг айби ўзига яраша. Аммо масала очиқлигича қолмаслиги керак. Зеро, ҳуқуқ ва мажбурият ҳамма учун баробар. 

Бу мавзуга яна қайтамиз.

Юлдуз ЎРМОНОВА

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер