Литва ва АҚШда Ўзбекистон Президенти соврини учун кураш мусобақалари бўлиб ўтди

01:41 15 Сентябр 2022 Спорт
1242 0

Фото: "Халқ сўзи"

Литва давлатининг Вилнюс шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Кураш федерацияси ҳомийлигида Литва кураш федерацияси томонидан ўтказилган ушбу мусобақада 15 яқин давлат полвонлари иштирок этди. Унда эркаклар мутлақ вазн тоифасида, аёллар эса +55 вазнда гиламга чиқдилар. 

Якунда эркаклар ўртасида польшалик Алексей Лсенка ғолибликка эришди. Мартин Патрики (Польша) кумуш, Костас Буткус (Литва) ва Юрий Ткаченко (Финландия) бронза медалларни қўлга киритди.

Аёллар ўртасида мезбонлар вакили Дала Майконете бош совринни қўлга киритди. У финалда ҳамюрти Лолита Обалевикадан устун келди. Украиналик Валериа Смалиаха ва София Шишан бронза медаллар билан тақдирланди.

АҚШда ҳам илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро кураш турнири ташкил этилди.

Филаделфия шаҳрида ўтказилган мусобақа аввалида ўзбек санъаткорлари ижросида янграган қўшиқлар тадбирни ҳақиқий маънода спорт ва санъат байрамига  айлантирди.

Беллашувларда дунёнинг 20 га яқин давлатидан келган номдор полвонлар гиламга чиқди. Баҳслар якунида грузиялик полвон Георги Кациашвили Ўзбекистон Республикаси Президенти совринига сазовор бўлди.

АҚШда кураш тарғиботи дастурлари давом этмоқда. Нью-Йорк шаҳрининг Манхеттен мавзесида жойлашган «Сentral park«да ҳамда Лос-Анджелес шаҳрида жойлашган Гриффитс паркида кураш спортининг бор жозибаси акс этган маҳорат дарслари бўлиб ўтади. Дастурдан АҚШнинг Кембриж шаҳридаги дунёга машҳур Гарвард университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказиш ҳам ўрин олган. 16 сентябрь куни Филаделфия шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кунлари тадбири доирасида кураш спорт турининг кўргазмали чиқиши ва тақдимотлари ҳам ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер