Лаванда ўсимлигини Хатирчида етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳалари муҳокама қилинди

13:23 01 Март 2024 Иқтисодиёт
539 0

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Туркиялик инвестор – “Asya Ekonomi Yatırım Danışmanlığı Tarım ve Orman Ltd. Şti.» компанияси бошқарув раиси Иброҳим Санчи Хатирчи тумани ҳокими Умиджон Адизов билан учрашувдан сўнг ҳудуднинг тадбиркорлари ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар ўтказди.

Унда лаванда ўсимлигининг Хатирчи туманидаги бўш турган ер майдонларини ўзлаштирган ҳолда инновацион усулда етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга туман иқлим шароитига мос бўлган анжир, наъматак каби доривор ўсимликларни етиштириш ва ундан юқори даромад олиш бўйича маълумот берилди.

— Лаванда парфюмерия саноати учун қимматли хом ашё саналиб, таркиби 1,2 – 2,3 фоизга қадар эфир мойига эга бўлган бутасимон ўсимлик, — дейди соҳа фахрийси Аҳмаджон Исломов. — Шу билан бирга ушбу ўсимликнинг Хатирчи иқлими учун хос бир қатор хусусиятлари мавжуд. Энг аввало, у сувсизликка чидамли бўлиб, йил давомида суғориш шарт эмас. Ўсимлик қурғоқчиликка чидамлилиги билан бирга 30 даражагача совуққа ҳам дош бера олади. Шунингдек, бир марта экилган кўчатлардан 30 йилгача ҳосил олиш мумкин. Ундан олинадиган бир литр ёғ эса дунё бозорида 20 -100 доллар миқдорида баҳоланади.

Лаванданинг хушбўй ҳиди тушкунликдан халос бўлишда самарали восита. Унинг гули ва баргидан ҳам хушбўй ва шифобахш чой тайёрлаш мумкин.

Семинарда мазкур лойиҳаларни келгусида амалга ошириш бўйича қизиқиш билдирган тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари томонидан ҳамкорликдаги режалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер