Кузги шудгорлаш ва ўғитларни қўллашнинг афзаллиги нимада?

19:29 23 Январь 2022 Жамият
1899 0

Фото: Шавкат Акрамов

Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгор муҳим аҳамиятга эга. Кузги шудгор тупроқдаги органик қолдиқларни ўсимлик илдиз зонасидан чириб, гумус ва зарур озиқ-моддаларга айлантиришга имкон беради.

Шу билан бирга, бегона ўтлар уруғи, ер юзасида тўпланиб келган зараркунанда тухум ва личинкалари ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни пастки чуқур қатламига тушиб, нобуд бўлиши ёки фаолсизланишига сабаб бўлади. Кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини йўқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ҳамда баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингиши, уларни даладан оқиб чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув захирасига бойитади ва ўсув даврида суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Кузда асосий озуқа сифатида органик, фосфорли ҳамда калийли ўғитлар қўлланилади. Ушбу ўғитларнинг самараси кузги шудгор билан қўлланилганда энг юқори бўлади.

Масалан, органик ўғитлар кузги шудгор ёрдамида тупроққа ҳайдаб ташланганда тупроқни 30-35 см. қалинликгача органик модда билан бойитиб, пастки тупроқ қатлами унумдорлиги оширилади. Бунда тупроқнинг чуқур қатламигача бир меъёрда гумус ҳосил бўлиши ҳамда озиқ-моддаларга бойиши кузатилади. Гўнг таркибида ўсимлик учун зарур бўлган барча макро ва микро элементлар мавжуд. Бу микроэлементлар дефицит бўлган бир пайтда муҳим аҳамиятга эга.

Олимларнинг тадқиқотлари кўрсатишича, фосфорли ўғитлар тупроққа тушган жойидан 0,5-1 см.дан катта масофаларга силжимайди. Бу фосфорли ўғитлар ва ўсимлик илдизларини контактда бўлишини таъминлашдан далолат беради. Яъни фосфорли ўғитлар илдиз сўрувчи қисмда ёки ундан бироз пастроқда жойлашиши керак.

Дала экинлари гуллаш ҳамда мева ҳосил қилиш даврларида фосфорни максимал даражада ўзлаштиради. Бу вақтда эса илдиз анча чуқур кириб борганда фосфорли ўғитларни қўллаб бўлмайди. Бу масалани фақат кузги шудгор билан фосфорли ўғитларни қўллаб ечимни топади.

Худди шундай ҳолатни мевали дарахт ҳамда узумзорларда ҳам кузатиш мумкин. Уларда кузги шудгорни 50-60 см.га ўтказиш мақсадга мувофиқ. Фосфор сақловчи ўғитларни ер юзасига сепиб қўйиш умуман мумкин эмас. Улар тупроққа керакли чуқурликда бўлиши лозим. Бунда фосфорли ўғитларни органик минераллар билан қўллаш самарадорликни сезиларли даражада оширади. Фосфор сақловчи ўғитлар ишқорий муҳитга эга бўлган карбонатли тупроқларга тушганда кимёвий реакциялар натижасида ўсимлик ўзлаштира олмайдиган шаклга, яъни бирикмаларга айланиб кетади ҳамда улардаги озиқ моддаларининг ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши 15-20 фоизини ташкил этади. Бу ўта салбий жараёндир.

Буни камайтиришнинг йўли фосфор сақловчи ўғитларни органик моддалар билан, хусусан, ярим чириган гўнг билан қўллашдир. Шу билан бирга, фақат кузги шудгор билан қўлланилган органик ўғитлар гумус миқдорини сезиларли оширади. Биз бунга катта эътибор беришимиз керак.

Гумус бу тупроқ унумдорлигини ва хоссаларини белгилаб берувчи асосий модда ҳисобланади. Лекин ҳозирги пайтда бутун дунё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тупроқларда гумус миқдорини мунтазам камайиб бориши кузатилмоқда. Бу асосан кузги шудгорни органик ўғитларсиз амалга оширилиши билан боғлиқ. Бу борада ғоза ҳамда кузги буғдойдан кейин, шудгорлашдан олдин ғўзапоя ва сомони майдалаб изидан чуқур шудгорланса, юқори натижа беради.

Органик ўғитлар етишмаётган бир пайтда ўсимлик қолдиқларини даланинг ўзида қолдириб шудгор қилиш муаммони ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. Тўғри, бунда ўта касалланган далаларда касалланишнинг олдини олиш мақсадида бу тадбир тавсия этилмайди.

Кузги шудгор билан органик ўғитларни қўллаш, тупроқни органик моддага бойитиш, ерда сувни ушлаб туриш қобилиятини, яъни дала намгарчилигини оширади. Бу эса ёғингарчилик сувларидан самарали фойдаланиш ҳамда уларни исроф бўлмасликка олиб келади.

Калийли ўғитларнинг катта қисми ҳам кузги шудгор билан бирга қўлланилади. Бу эса ўсимликларни гуллаш ва мева тугиш даврида калий билан озиқланишини сезиларли равишда оптималлаштиради.

Тўлқин ОРТИҚОВ,

Самарқанд давлат университети

Тупроқшунослик ва агротехнология кафедраси доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер