Куюнчакли фикр
Бу гал одатдан ташқари якшанба куни газета харид қилиш учун матбуот дўкончасига бориб ранжидим. Биламан, ҳафтанинг шу кунида газеталар чоп этилмайди. Айрим вақтлар бундан истисно. Бу догма эмас, ўрнатилган тартибдан ташқари ҳолат. Якшанба куни газеталар чиқди, чунки давр талаби шу. Замон ўзгармоқда. Мудроқ ҳолатдан воз кечмоқдамиз.
Бундан роса бир аср аввал Ҳамза Ҳакимзода “Ишчилар, уйғон-уйғон” – деганидек ҳозир уйғондик, мудрашга вақт йўқ. Давлатимиз раҳбари тинимсиз ҳаракатда. Бирор кун дам олганини билмаймиз (камина лаганбардорлик ёшидан йироқдаман), кунда бўлган ишларни бизга хабар қилаётган жонкуяр журналистлару матбаа ходимлари кунни тунга улаб, тонг саҳарда бизга бўлган воқеалардан бохабар қилишадию, матбуот тарқатувчи идора ходимлари якшанба куни бўлиб ўтган оламшумул воқеаларни ёритган газеталарни душанбада эмас сешанбада газетхонларга етказмай қўйганини қандай баҳоласа бўлади? Наҳотки, шунча одамларнинг машаққатли меҳнати қадрланмаса? Ахир шу ташкилотнинг вазифасику! Гап шу йилнинг 27 апрелда ўз ишини тугатган, Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми ҳақида кетмоқда. Дунё миқёсида бўлган воқеадан батафсил воқиф бўлиш ниятида газета киоскасига бориб, овора бўлдим. Сотувчи 28 апрель якшанбада чоп этилган газета сешанбада, 30 апрельда сотувга келади, деди. Вассалом.
Шунда ёдимга 1964 йилда бўлган воқеани эсладим. Собиқ СССР нинг собиқ раҳбари Н. Хрушчёв ўз вазифасидан озод этилгани ҳақидаги хабарни “Вашингтон пост” газетасининг мухбири ўз таҳририятига бошқалардан 2 соат кеч хабар бергани учун ишдан ҳайдалган экан.
Икки суткадан сўнг хабар эскириб қолишини, газеталар пештахтада қолиб кетишини, шунча меҳнат, сарфланган қоғоз ва бўёқлар исроф бўлишини билармикан мутасадди “акалар”? Энди шу газеталар қоғоз комбинатига хом ашё сифатида боради.
Ҳушёр бўлайлик, уйқудан уйғониш вақти келди.
Эркин Иброҳимов, меҳнат фахрийси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг