Косонлик аёл 44 ёшида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олди
Фото: "Халқ сўзи"
Қашқадарё вилояти Косон туманининг Янгиобод маҳалласида яшовчи Мавжуда Олламуродова 1980 йилда туғилган. Эътиборсизлик туфайли унга ўша вақтда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмаган.
— Натижада йиллар давомида ушбу ҳужжат билан боғлиқ жуда кўп муаммоларга дуч келганман, — дейди Мавжуда Олламуродова. — Айрим имкониятларимдан маҳрум бўлганман.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий ахборот бўйича бош маслаҳатчиси Нилуфар Саттарованинг айтишича, Адлия вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 20 январидан 1 апрелига қадар ўтказилган «Ҳеч ким ҳужжатсиз қолмайди» акцияси доирасида Мавжуда Олламуродованинг ушбу муаммоси аниқлангач, унга туман ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
Деҳқонобод туманининг Авжин қишлоғида яшовчи Сафар Хуррамов ва унинг турмуш ўртоғи Малоҳат Норматовалар эса 35 йилдан буён шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган. Акция доирасида маҳаллада ўтказилган хатловда уларнинг муаммоси аниқланиб, эр-хотиннинг никоҳи расмий қайд этилди ва уларга никоҳ гувоҳномаси топширилди.
Умумий ҳисобда эса Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан «Ҳеч ким ҳужжатсиз қолмайди» акцияси доирасида вилоятдаги барча маҳаллаларда хатловлар ўтказилиб, унинг натижасида 15 минг 823 нафар ҳужжатга эга бўлмаган киши аниқланди ва шундан 14 минг 754 нафар фуқарога тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.
Хусусан, 1 235 та туғилганлик гувоҳномасини йўқотган ёки олмаганлар, 205 та ўлим гувоҳномасини йўқотганларга ушбу гувоҳномалар қайта расмийлаштирилиб берилди. Қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётганлар 3 519 та оилага никоҳ гувоҳномалари топширилди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан 580 та ID-карта расмийлаштирилиб, 2 723 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг