Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилади
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида кейинги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини кенг жорий этиш, даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш бўйича самарали тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб борилмоқда.

Қонун билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, уларда кузатув кенгашининг мустақил аъзоларини киритиш талаби, мустақил аъзоликка номзодларни кўрсатиш тартиби, мустақил аъзоларга қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг реестрини юритиш ва уни ошкор этиб бориш билан боғлиқ нормалар ўз аксини топмоқда.

Қонун корпоратив бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларини жорий этиши, корхоналарни стратегик бошқаришда кузатув кенгашининг ролини кучайтиришга қаратилган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши жамият кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзолар кўпайишига, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, жамиятларда замонавий менежмент ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этишга, кузатув кенгаши таркибига профессионал мутахассисларни жалб этишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Халқ сўзи”,
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг