Корхона буюртмалар портфели қандай шаклланди?
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотларда устувор ўрин тутади. Наманган туманидаги «Nammotor servis» масъулияти чекланган жамиятида айни йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида халқ хўжалигида кенг қўлланиладиган электродвигателлар, сув моторлари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини шу жойнинг ўзида тайёрланмоқда. Аниқроқ айтганда ҳозирги пайтда электродвигателларнинг 60 фоизини, сув насосларининг эса юз фоизи малакали мутахассислар қўлидан чиққан бутловчи қисмлардан йиғилмоқда. Мазкур меҳнат жамоаси ўзи танлаган йўналиш бўйича 23 йиллик тажрибага эга. Дастлаб ўнга яқин ишчи ёрдамида сув насослари таъмири билан бошланган цех фаолияти кенгайиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар муваффақиятли ўзлаштирилди. Хусусан, қуюв цехи қурилиши билан насос двигателлари корпуси, қопқоқ ва бутловчи материалларини четда олишга ҳожат қолмади. Куч ҳосил қилувчи электр қурилманинг симли чулғамини ўраш ҳам маҳаллий ишчилар томонидан бажариляпти.
Эндиликда Тошбулоқ шаҳарчасида ўзининг замонавий бинолари ва илғор ишлаб чиқариш технологиясига эга бўлган «Nammotor servis» тармоқ корхоналари ўртасида муносиб мавқега кўтарилган. Буни, жумладан, унинг маҳсулотларига талаб йил сайин ортиб бораётгани, буюртмалар портфелида 500 дан зиёд шартномалар мавжудлиги яққол кўрсатади. Улар орасида Навоий ва Олмалиқ кон металлургия комбинатлари, «Ўзбекнефтегаз», сув хўжалиги вазирлиги тармоқлари, бошқа кўплаб нуфузли субъектлар бор. Биргина НКМКнинг ўзи беш юзга яқин турдаги насос ва электр двигателларни шу жойдан олади. Бу, албатта, корхона конвейеридан чиқаётган маҳсулотлар ишончлилиги, рақобатга дош бериши билан боғлиқ. Юқори сифатни таъминлашда эса технологик жараёнларни такомиллаштиришга йўналтирилган изланишлар натижадорлиги муҳими ўрин тутади. Айниқса, яқин ўн йилдан буён Хитойнинг «Fyjion haineng Ko. LTD» компанияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларнинг нафи катта. Корхонада ўтган йили навбатдаги истиқболли лойиҳа ижросига киришилди. У 10,5 миллион доллар қийматга эга бўлиб, эмалланган сим ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган. Қисқа вақт ичида қуриб битказилган цех ҳаракатга келтирилиши билан бу ерда йилига 2200 тонна импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш қувватлари яратилади.
— Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, технологик янгиланишлар жараёнида юқори малакали 120 кишилик меҳнат жамоаси шаклланди, — дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Асадбек Мирзабеков. — Мутахассисларимиз орасида замонавий касб — ахборот технологияси усталари ҳам анчагина. Масалан, ўз соҳасида яхшигина тажриба тўплаган Жамшид Қўлдошев рақамли тартибда ишлайдиган фрезерлик дастгоҳини бошқаради. Улуғбек Ғаниев эса дастурий таъминот билан шуғулланади. Нега айнан улар ҳақида гапиряпман . Бу икки йигит яқин вақтга қадар мигрантликда бўлган. Таклифимиз билан корхонамизга келишди. Оиласига яқин жойда, хориждагидан кам бўлмаган миқдордаги маошга меҳнат қилаётганидан хурсанд. Умуман олганда, ишчи-хизматчиларимиз 6-7 миллион сўмга етказиб ҳақ олаётгани, меҳнат ва дам олиш шароитларидан рози. Кунлик иш унуми, пировард натижага масъулиятлари ҳам шунга яраша.
Айтиш керакки, йилига 15 минг дона электр двигатель ва 5мингта сув насослари ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур МЧЖ вилоятдаги барқарор фаолият олиб бораётган корхоналар рўйхатида олдингилар қаторидан ўрин олган. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бу ерга ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишганида ушбу мақом яна бир карра тасдиғини топди. Ўшанда Президентимиз томонидан корхонанинг йирик буюртмачилар билан беш йиллик тўғридан-тўғри шартномаларини шакллантириш бўйича берилган тавсиялари ижроси устида астойдил иш олиб бориляпти.
Дарвоқе, «Nammotor servis»даги ибратли ишлар куни кеча яна бир бор эътирофини топди, МЧЖ директори Бахтиёр Бекмирзаев Тадбиркорлар куни арафасида «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг