Кўп квартирали уйларнинг эгаси борми? Депутатлар янги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда

15:43 24 Июль 2018 Жамият
2824 0


2013-2018 йилларда пойтахтнинг бир қатор кўп қаватли уйларида кредит маблағлари асосида уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан 590 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нодиржон Максумов маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, биргина 2018 йилнинг ўзида 153 миллард сўмлик кредитларни жорий этиш назарда тутилган.

“Аммо, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Кўп квартирали уйнинг атрофини ширкат обод қилиб беради. Орадан маълум муддат ўтганидан кейин ўша ҳудудга борсангиз, атрофга умуман қараб бўлмайди. Аҳолининг ўзи ҳам бу борада масъулиятни бўйнига олиши керак. Ёки ширкатларнинг раҳбарлари кимлар, қандай мутахассислар? Бугун бирор бир таълим муассасасида шундай мутахассислик ўқитиладими? Шаҳарсозлик тобора ривожланиб бораётганини инобатга олсак, бу каби мутахассисларни тайёрлаш жуда жиддий масала. Бизга ишнинг кўзини биладиган мутахассислар керак”, дейди Максумов.

Мамлакатимизда 32 минг 400 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи 4 мингдан ортиқ ана шундай ширкатлар мавжуд бўлиб, турар ва нотурар жойлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш масъулияти айнан уларнинг зиммасида. Бир гуруҳ депутатларнинг фикрига кўра, уй-жой ва коммунал соҳада фойдаланилмаётган ва тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар мавжуд.

Соҳадаги муаммолар ечимига хизмат қиладиган қонунчилик нормаларини таклиф этиш мақсадида қўмита томонидан “Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда белгиланган меъёрлар ва янгиликлар депутатлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида муҳокама этилди.

— 1991 йилда уй-жой билан таъминлаш кўрсаткичи юртимизда жон бошига 12,4 квадрат метрни ташкил этган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 15, 2 кв.м.ни ташкил этмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Жумамуротова. — Уй-жой қурилиши соҳаси фаол ривожланиши баробарида умумий мулк ва улардан фойдаланиш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар вужудга келяпти. Жумладан, кўп қавватли уйларнинг ташқи фасад архитектурасини бузилиши, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги техникаларига халақит қилувчи ноқонуний қурилишлар, рухсат этилмаган жойларни ўраб олиш кабилар шулар жумласидан. 
Қонун лойиҳасида фуқароларнинг яшаш шароитларини бузилишига олиб келувчи, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар оқибатида бошқа мулкдорларга ёки уйнинг конструктив тузилишига зарар етказилишига йўл қўйилмаслик масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Шунингдек, кўп квартирали уйларда умумий мулкни жорий ва мукаммал таъмирлаш, муҳандислик тизимлари сақланувчанлиги, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга риоя этилиши, уй-жойга тегишли ҳовлини ободонлаштириш каби масалалар акс эттирилмоқда. Қурилиш ишларини ўтказишда шовқин даражаси кўрсаткичларига риоя этилиши каби нормалар ҳам лойиҳада келтирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер