Конституциявий суд ҳақида нималарни биламиз?

19:20 08 Июнь 2021 Жамият
1118 0

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тарихига назар соладиган бўлсак, давлатимиз мустақилликни қўлга киритган даврлардан бошлаб фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишга қаратилган, дастлабки қонун 1993 йил 6 май куни қабул қилиниб, бу қонун «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида» деб номланди.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунининг кейинги таҳрирлари 1995 йил 30 август ҳамда 2017 йил 31 майда қабул қилинган.

Конституциявий суднинг фаолиятини тартибга солувчи «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири 2021 йил 27 апрель куни қайта қабул қилинди ва ўз-ўзидан аввал қабул қилинган қонунлар ўз кучини йўқотди.

Конституциявий суднинг ваколатларига нималар киради деган савол кўпчиликни қизиқтиради албатта.

Демак, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ваколатларига, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш;

конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш киради.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, янги таҳрирдаги қонунда Конституциявий суднинг ваколатлари кенгайтирилиб, Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.

Қонунга кўра, Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг томонидан қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.

Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббусига оид қонунга алоҳида банд киритилиб, унда Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлаши белгиланди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши, Конституциявий суд фаолиятига оид янги тарихий ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди.

Баҳодир Фармонов,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман
судининг девонхона мудири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер