Конституция — давлат ҳокимияти органлари тармоқлари ўртасида мувозанатни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши белгилаб қўйилган.
Замонавий дунёда ҳокимият ваколатларининг тақсимланиши принципи демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Бундай принцип муайян давлатда бирор органнинг ёки алоҳида давлат раҳбарининг кучли диктатураси ўрнатилишининг олдини олади, давлат органларининг ваколатлари, вазифалари аниқ бўлишини таъминлайди, бир органнинг иккинчи орган ишларига аралашувига барҳам беради, бошқариш соҳасида чалкашликлар келиб чиқишига йўл қўймайди.
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали (юқори – Сенат, қуйи – Қонунчилик палатаси) Олий Мажлис томонидан, ижро ҳокимияти Вазирлар Маҳкамаси томонидан, суд ҳокимияти эса фаолият йўналишига қараб Конституциявий суд, Олий суд томонидан амалга оширилади.
Конституциямизда шу учала ҳокимият органларининг ташкил этилиши, вазифалари, ваколатлари белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, уларнинг ўзаро фаолияти ва ўзаро муносабатлари ҳақида қоидалар ҳам ўрнатилган.
Ҳар қандай жамиятда бўлаётган ислоҳотлар бир нуқтада қотиб қолмаганидек, Ўзбекистон тараққиёти жараёнида ҳам айнан шу йўналишдаги ислоҳотлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Хусусан, 2007 йилда Конституциямиздан мамлакат Президенти бир вақтнинг ўзида ижро этувчи ҳокимиятнинг бошлиғи эканини белгиловчи норма чиқарилди. Бу билан ҳокимият бўлиниши принципининг янада ривожланиши, учала ҳокимият тузилмаларининг бири-биридан холи, мустақил, айни пайтнинг ўзида ҳамжиҳат фаолият юритишига замин яратди.
Бош вазирга ҳукуматга раҳбарлик қилишнинг ўтиши, унинг ҳуқуқи кенгайтирилганлиги, шу жумладан, ҳукумат аъзоларининг унинг тавсияси билан шакллантирилиши унинг Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этишдаги ва унга раҳбарлик қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини оширди. Бу ислоҳотлар ҳукуматнинг мамлакат иқтисодиётига, ижтимоий ва маънавий соҳадаги фаолиятига самарали раҳбарликни амалга оширишига имконият яратди ва ҳукуматнинг том маънода амалда мустақил бўлишини таъминлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилишининг белгиланиши Ўзбекистонда демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларида сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини кучайтириш масаласига катта аҳамият берилганлигидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати биргаликда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатларига эга бўлди. Бу қоида ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан кучли парламент назоратини амалга ошириш механизмини яратди.
Мамлакатимизда парламент томонидан Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи ҳам жорий этилди. Парламентнинг ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватламаслик шу тартибда ифода этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масаланинг киритилишини белгиловчи норманинг аҳамияти ва салмоғи ҳам давлат механизмида бениҳоя каттадир. Чунки, бу орқали ҳукумат ва парламент муносабатларида барқарорликни таъминлаш назарда тутилди.
Сўнгги йилларда фуқароларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтириш, ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш бу йўналишдаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтарди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш институти қонунчилигимизда мустаҳкамланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши ва лавозимидан озод қилиниши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этиши назарда тутилди.
Бу ислоҳотлар Конституция ва миллий қонунчилигимиз негизига қурилган миллий давлатчилигимизнинг барқарорлиги таъминлаб, унинг халқ иродаси ва манфаатлари асосида қурилган пойдевори янада мустаҳкамлади. Шунингдек, давлат бошқарувининг янада самарали модели татбиқ этилишига янги ҳуқуқий замин яратилиши халқ фаровонлиги юксалиши ҳамда юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ортишига ҳам хизмат қилди.
Шундай қилиб, Конституциянинг моҳияти, хусусиятлари ва салоҳиятини ўрганиш ҳамиша давом этаверади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳали қанчадан-қанча бунёдкорлик ҳаракатларининг, эзгу мақсадларга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг ҳамда кули фуқаролик жамияти қурилишининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил.
Шерзод ТЎХТАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг