«Китобсевар миллат» шиори остида IV республика «Китобхонлик ҳафталиги» бўлиб ўтмоқда

11:52 27 Апрель 2024 Жамият
655 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқандда бу йилги ҳафталик мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб ўзгача руҳда, ҳар йилгидан кенгроқ доирада ўтказилмоқда.

Хусусан, ҳокимликлар, ёшлар билан ишлайдиган ташкилотлар томонидан китобхонлик тарғиботи кучайтирилди, шаҳарлар ва туманларда кутубхоналар барпо этилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратилмоқда.

Вилоят ахборот-кутубхона маркази капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангач, бу ерда бир вақтнинг ўзида 500 дан кўпроқ китобхонга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Бунинг натижасида кейинги беш йилда кутубхонага келувчилар сони 872 нафардан 25835 нафарга ошди.

Вилоятда китобхонлик маданияти юксалтириш борасидаги ишлар натижасида яқинда Жомбой туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактаби 8-синф ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ғолиб бўлиб, Президент совғаси билан тақдирланди.

— Самарқанд шаҳри жорий йилда МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган. Шу муносабат билан яқинда маданий тадбирлар бошланди, — деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. — Йил якунига қадар йигирмага яқин йирик тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, 15 май куни Самарқандда МДҲ мамлакатлари кутубхоначиларининг форуми ўтказилади ва айни пайтда ушбу анжуманга қизғин ҳозирлик кўряпмиз.

Фото: "Халқ сўзи"

Ҳафталик давомида «Севимли китоблар» кўргазмаси, «Қизиқарли кутубхонада» номли кутубхона бўйлаб саёҳатлар, «Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан» акцияси ўтказилди.

Шундай тадбирларнинг бири Алишер Навоий номидаги Самарқанд шаҳар марказий истироҳат боғида ўтказилди. Унда Ўзбекистон — Финляндия педагогика институти талабалари ўртасида «Ёш китобхон» тадбири, «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.

Худди шундай тадбирлар Тойлоқ ва Иштихон туманлари ахборот-кутубхона марказларида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий кутубхона директори У. Тешабоева Тойлоқ ва Иштихон туманлари ахборот-кутубхона марказларига китоблар ҳамда зиё масканларининг моддий техник базасини бойитиш мақсадида 100 миллион сўмлик ваучерлар тақдим этди.

Шунингдек, Иштихон туман ҳокимлиги томонидан ҳам ахборот-кутубхона маркази учун 70 миллион сўмлик ваучер ва китоблар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер