Китобхон ҳарбийлар билими синовдан ўтказилди
Ҳарбий деганда одатда кўз олдимизга қуролланган, жанговар ҳолатга шай, марду майдон йигитлар келади. Қайд этиш жоизки, ҳозирда юртимиз ҳарбийларини нафақат жисмоний кучи, балки ақлий салоҳиятини ошириш ҳам устувор вазифалардан этиб белгиланган.
Пойтахтимизда қад ростлаган сўлим маскан — Ғалаба боғи «Шон-шараф» музейида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Энг яхши ёш китобхон» танлови ҳам айнан шу мақсадни кўзлагани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Танловнинг якуний босқичига 8 нафар иштирокчи етиб келган бўлиб, улар ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти ва асарлардан келтирилган парчалар орқали муаллиф ҳамда асар номини топиш шартлари асосида куч синашди.
— Биз бугун нафақат кучимиз, балки ақлий салоҳият ва билимимизга суяниб «жангга чиқдик», аслида бу жараёнда кимнинг ғолиб бўлиши эмас, биз нималарга эришиб қолганимиз муҳим, — дейди танлов совриндори, жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи кичик сержанти Шоҳруҳ Соғиндиқов. — Ҳарбий тизим доирасида ҳам китобхонликка катта эътибор қаратилаётгани бизни қувонтиради, албатта. Танловда ҳаммамиз ғолибмиз, чунки, инсон билагидаги куч қачондир уни тарк этиши мумкин, аммо ўқиган, ўрганган нарсалари ҳеч қачон ташлаб кетмайди, исталган пайти унга йўлчи юлдуздек ёрдам бера олади. Келгусида ўз касбимнинг моҳирига айланиш, сидқидилдан меҳнат қилиш баробарида янада кўпроқ китоб ўқиш, ақлимни чархлаб боришни мақсад қилдим. Зеро, билим бизнинг безавол кучимиздир.
Танлов якунида ғолиб ва фаол қатнашчиларга Мудофаа вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совға ва мукофотлари топширилди.
Ҳулкар ШEРЗОДОВА,
журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг