Китоб туманида замонавий кўприк фойдаланишга топширилди
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилашда кўприклар алоҳида аҳамият касб этади. Йўл қанчалик равон бўлмасин, кўприк носоз бўлса, транспорт воситалари учун ноқулайликларни келтириб чиқариши табиий.
М-39 — “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг Китоб тумани ҳудудидан ўтган қисмида, Қашқадарё дарёси устида қурилган кўприк ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган ва бу транспорт воситалари қатновига халақит бераётган эди. Шу боис, ушбу кўприкни таъмирлаш тегишли дастурга киритилиб, 2022 йилнинг июнь ойида “Қашқадарё кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалий ишлар бошланди.

— Лойиҳанинг умумий қиймати 12 миллиард 235 миллион сўмни ташкил этди, — дейди корхона мутахассиси Дилшод Юнусов. — Олиб борилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида ушбу кўприк узунлиги 72,5 метр, эни эса 28 метрни ташкил этадиган мустаҳкам ва замонавий иншоот сифатида қайта бунёд этилди.
Кўприкнинг тантанали очилиш маросимида Китоб тумани ҳокимлиги масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг