Киракашни куйдирган носоз телевизор муаммоси
Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Муроджон исмли йигит Самарқанд вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилар экан, ўз муаммосини қуйидагича изоҳлади- касбим ҳайдовчилик. Киракашлик қилиб оила тебратаман.
Рўзғордан орттирган пулларимни йиғиб-териб маиший техника дўконидан телевизор сотиб олган эдим. Аммо тақдир ҳазилини қарангки, ўн кунга бормай янги телевизорнинг экранида ёриқ пайдо бўлди. Телевизорни кўтариб дўконга бордим, улар сервис хизматига мурожаат қилишимни айтишди. Сервис хизматидагилар телевизорнинг у ёқ, бу ёғини кўрган киши бўлишиб, ҳужжатларни расмийлаштиргач, қолдириб кетишимни айтишди. Орадан ўн кун ўтса-да, на телевизордан дарак бор, на қўнғироқларимга жавоб беришади. Айтинг, нима қилишим керак, телевизордан воз кечайми? Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларим бузилганча қолаверадими? Унга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши тушунтирилди. Бирлашма ходимлари вазиятни ўрганиб чиқишди.
Ўрганишлар натижасига кўра, Муроджон Ҳакимов сотиб олган телевизор ҳақиқатда нуқсонли бўлган. Тадбиркор “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя тўғрисида”ги қонуннинг 15 моддаси биринчи ва учинчи қисмида назарда тутилган талабларни бажармаган.
Самарқанд вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ходимларининг олиб борган тушунтириш ишлари натижасида Муроджон Ҳакимовнинг талаби қондирилди. Унинг томонидан сотиб олинган 6 400 000 (олти миллион тўрт юз минг) сўмлик нуқсонли телевизор бошқасига алмаштириб берилди.
Шерзод Халилов,
Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси бўлим бошлиғи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг