"Бировни айблаш учун кетаётган вақтимиз ва энергиямизни фарзандларимиз келажагига ёрдам беришга ишлатайлик!"

11:39 14 Сентябр 2020 Жамият
1508 0

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов навбатдаги мурожаатини эълон қилди.

"Ҳурматли мактаб битирувчилари, кўринмас душман билан кураш вақтида бировни айблаш учун кетаётган вақтимиз ва энергиямизни фарзандларимиз келажагига ёрдам беришга ишлатайлик!

Охирги вақтда ижтимоий тармоқларда бировни айбдор қилишга ҳаракатлар кўп кузатилмоқда. Афсуски, бу билан коронавирус пандемияси пайтида аҳвол яхшиланиб қолмайди ёки у билан боғлиқ иқтисодий қийинчилик вақтида мактабларга бирдан жуда катта қўшимча маблағлар ажратилиб қолмайди.

Ўтган икки йилда давлат дастурлари бўйича мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлашга ажратилаётган маблағлар салмоқли равишда ошди. Мана ўтган ҳафтада давлат дастури асосида мукаммал таъмирдан чиққан мактаблардан баъзи лавҳаларни ҳам қуйидаги ҳавола орқали кўрса бўлади. Лекин 10 мингга яқин мактабларимизда ва уларнинг узоқ ҳудудлардаги филиалларида йиғилиб қолган муаммолар жуда кўп, шунга мактабларга қанча ёрдам бўлса шунча яхши.

Президентимиз ташаббуслари билан барча битирувчилар ўз мактабига ёрдам бериши ўзига хос умуммиллий ҳаракатга айланяпти. Масалан, Алишер Бурханович Тошкент шаҳридаги 110-мактабни жуда чиройли қилиб таъмирлаб берганларини кўпчилик кўрди. Бошқа бир қанча тадбиркорлар мактабларни тўлиқ реконструкция қилиб ёки янги қўшимча бинолар қуриб беришди. Тўғри, ҳамма ҳам тадбиркор эмас. Лекин шунда ҳам кимдир компьютер билан ёрдам берди, кимдир қўшимча китоблар билан. Булар ҳаммаси 6,2 млн. ўқувчиларимиз келажаги учун қўшимча инвестициядир.

Янги ўқув йили бошланиши билан ушбу хайрли ишлар яна давом этса жуда яхши иш бўлар эди. Мактабларнинг анъанавий кўринишда очилиши ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамигача борадиган бўлса, битирувчиларимиз мактабларига бориб, ёрдам беришлари билан бирга ўзларининг устозларини эслаб, ҳам улардан хабар олишса, устозларнинг ҳам қалблари нурга тўлади.

Баъзи муҳокамаларда мактаб тайёр бўлмагани учун очилмади деган гапларни айтишаётганига гувоҳ бўлиб, яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Мактаб очилишига рухсатни Маҳаллий Кенгаш мактаб тайёрлигидан ташқари ушбу мактабдаги ўқитувчиларнинг коронавирусга тестлари натижалари ва ушбу ҳудуддаги эпидемиологик ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими қўшимча касал кўпайишига бардош бера олишидан келиб чиқиб беради.

Яъни Тошкент шаҳридаги ёки вилоят марказидаги ҳамма имкониятларга эга (жумладан, кўпчилик илтимос қилиб жойлашга ҳаракат қиладиган) мактабга рухсат берилмай, узоқ ҳудуддаги аҳволи нисбатан оғир мактабга рухсат берилиши мумкин.

Рухсат берилмаган мактабларга рухсат бериш учун жойларда маҳаллий ҳокимликлар, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бўлинмалари мутасаддилари томонидан ҳамкорликда ишлаб вазият яхшиланишига ҳаракат қилинади" дейилади ушбу мурожаатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер