Ким ҳаловат кўйида, кимда зиёфат ғами

11:09 13 Октябр 2020 Жамият
1858 0

Фото: Спутник

Яқинда ижтимоий тармоқларда республика бўйича карантин қоидаларига зид равишда энг кўп тўй маросимлари Фарғона вилоятида ўтказилганлиги ҳақидаги хабар маълум қилинди. Вилоятда 16 августдан 13 сентябргача бўлган муддатда маҳалла фаоллари ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган 243 та тўй маросими аниқланган.

Ана холос! Фарғона вилояти коронавирус касаллиги юқиши бўйича охирги ўринларда турса ҳам лоқайдлик бўйича «биринчи ўринга» чиқибди. Нима учун?! Минг афсуслар бўлсинки халқимиз орасида тўй билан боғлиқ урф-одатларни «жорий» қилаётган одамлар бор. Уларга на маҳалла фаоли, на имомнинг насиҳати, на пандемия шароити таъсир қилади?! Улар билганларидан қолмайдилар ва «таклифлари» билан тўй эгаларини ҳам бошқаларни ҳам, дилларини хира қилиб, оилаларни танглик кўчасига олиб киришда «бардавом» бўлаверадилар.

Бугун эл яна карантин шароитига қарамасдан ўзининг азалий удуми- ўғил уйлаш, қиз чиқариш маросимини ўтказиш ташвишига тушди.

Кўп йиллик қадрдоним билан кўришиб қолдик. Салом-алик баҳона кўнгил ёрди.

— Ҳафта охирига тўй белгиладик. Озода Нурсаидовани айтганмиз хизматга. Тошкентдан элликдан ортиқ ҳамкасбларни таклиф қилдим. Бу ёғи маҳалла кўй, қариндош уруғ дегандек. Шунга қуриб кетгур анови жаримасини олдиндан тўлаб келсамми, деб турибман. Қирқ миллионга ҳофиз олиб келишга етган кучим тўрт ярим миллионлик жаримага етмай қолармиди?!

Эҳ, биродари азиз. Бир неча соатлик тўй, ўткинчи ҳавас учун юзлаб бегоналарни қўя туринг жондан азиз фарзандларингиз, чиллалик келин-куёвлару бобо-бувиларнинг ҳаётини ҳеч иккиланмай хавфга қўяётганингизни биласизми? «Орзу-ҳавас» деган иллатингиз хуруж қилган чоғ айни пайтда касалхоналарда ҳаво етмай, жон талашиб ётганларни кўз олдингизга келтиринг. Наҳотки, бир кунлик «катта тўй»ни деб, ойлаб уйидан «Тез ёрдам» аримаётганларни кўриб дилингиз увишмаётган бўлса?!

Тунов кунги тўйда бўлса, «юз очди» маросими пайти келиннинг онаизори меҳмонлардан:

— Айланайлар, пошша қизимиз билан ўпиб кўришманглар, илтимос,- дея зорланиб, «қўриқчилик» қилаётганмиш.

Маҳалла фуқаролар йиғинига карантин шароитида тўйлар қисқаргани ҳақида тушунтириш учун чақирилган тўй боши бепарволик билан сўз қотди.

— Кўпнинг ошини еганмизда, айланай. Ўттиз кишигагина тўй қилсам, одамлар нима дейди?

Ана шу биргина савол не-не оилаларнинг тинчини, ҳаловатини бузяпти, беморлик азобига дучор қиляпти. Қудалар билан олди-берди борасида келишолмаслик, бир-бирларини тушунмаслик оқибатида келинлар кўз ёш тўкяпти, болалар етим қоляпти.

Қачонгача биз ўзининг ғуруримизни, шаъни, ор-номусимизни дунё матоҳлари, бир кунлик зиёфатлар билан баҳолаймиз?!

Фарзандларининг насибасини сеп-сидирғага совураётган ҳамюртларимиз бугунги пандемияга қарши курашда муҳим бўлган мустаҳкам иммунитет, саломатликдек неъмат ҳақида унутиб қўйишмоқда.

Падари бузрукворидан бир йил аввал айрилган қиз тўйга таклифнома ташлаб кетди. Таклифнома қоғозига назар соламан. Майда рангли тошлар билан безак берилган, келин-куёв расми туширилган, ипак попуги ажойиб товланадиган ташриф қоғози. Нархи ҳам қиммат бўлса керак. Ҳавасми ёки тенгқурларини раҳмини келтирмаслик учун нархига қараб ўтирмагандир. Ўзи ҳам озиб-тўзиб кетибди. Ҳозирги ёшлар шунақа, еб-ичишга келганда пулни қизғанишади. Лекин энг қиммат лаб бўёғини сотиб олишади.

Тарки одат, амри маҳол, дейдилар. Қиз ўстираётган ота-оналарнинг аксарияти сеп-сидирға йиғиш билан овора бўлиб, жигарбандининг ранги синиққанини сезишмайди.

— Қизимнинг сарпосига яна икки жуфт якандоз қўшдим. Ўзи саноғи элликдан ошгандию кўрпаликларни янги гули чиқибди, кўрмайсизми. Олмай десам, қайнонаси тили бутунлардан эмиш. Тағин болам шўрликка шугинани таъна қилиб, куйдирмасин дейман.

Олинг онажон, яна қўшинг кўрпа тўшакка. Супурги тегса чанги уйни тутадиган бахмалу духоба кўрпаларнинг ҳузурини сичқонлар кўради.

Сиз сеп йиғай, деб оворайи жаҳон бўлганингизда, шўрлик қизларингиз уч маҳал шакарчой ичиб, мактабга қатнаётгани эсингизда ҳам йўқ.

Тўй миллатимизнинг минг йиллик улуғ қадриятларидан. Тўй-тантана бошланган уйга барака ёғади. Оналаримиз дуо қилганидек, инсоф, соғлиқ, ҳаловат ва албатта меъёр қалбимиздан, ҳаётимиздан кўтарилмасин.

Дилшода Эргашева

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер