“Ким дедингиз? Ар-хи-тек-тор…”

19:12 25 Январь 2019 Жамият
3987 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси 1-стипендия танловининг 2-босқичига тавсия этилган номзодлар рўйхатини эълон қилибди.

Рўйхатни кўриб чиқиб, хурсанд бўлдик. Яхши-да… Ҳам юртимизни янада ривожлантиришнинг таянчи бўлган малакали кадрлар учун катта имконият, ҳам ёшларга давлатимизнинг яна бир эътибори… Ажаб эмаски, бу кадрлар келгусида мамлакатимиз тараққиётига алоҳида ҳиссаларини қўшишса…

Аммо рўйхатни кўздан кечириб чиқар эканмиз, бир жойда бизни мубҳам саволлар қамраб олди. Гап шундаки, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этишни ривожлантириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари учун ўтказилаётган мазкур танловнинг “Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш” соҳасига тегишли бўлган “Журналистика” йўналишида… Тошкент архитектура-қурилиш институти вакили кейинги босқичга тавсия этилибди.

Рўйхатдан лавҳа.

Тушунарли. Демак, бу институтда ҳам ёшларга журналистикадан сабоқлар ўтилар экан, “Уларга малакали журналист дарс берсин”, деган умидда шу ишга қўл урилибди, деган фикрга бордик. Бироқ яна бир карра аниқлаштириб олиш мақсадида институтга қўнғироқ қилдик.

Айтишларича, бу институтда бундай йўналиш бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ ва келгусида йўлга қўйилиши кўриб чиқилаётгани ҳам йўқ экан… “Журналистика” йўналишида номзод сифатида киритилган аёл эса институтнинг “Хорижий тиллар” кафедраси мудири бўлиб, мутахассислиги инглиз тили филологияси экан.

Маъқул. Демак, адашилган. Лекин чиндан ҳам шундаймикин?

Буни ҳам аниқлаштириб олмоқ умидида бу гал “Эл-юрт умиди” жамғармасига сим қоқдик. Ўзимизни таништириб, мақсадимизни тушунтирдик. “Хато кетмаганмикин деб ўйлаяпмиз…” дедик суҳбатдошимизга.

— Бўлиши мумкин, — деди ўзини жамғармада магистратура ва докторантура йўналишида ишловчи ходим Искандар Ходжаев деб таништирган суҳбатдошимиз. — Аммо тўғри бўлиши ҳам мумкин. Биласизми, жорий йил 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган, унинг 3-сон баённомасига кўра махсус илова қабул қилинган. Ана ўша иловада соҳалар ҳамда йўналишлар ажратиб кўрсатилган. “Журналистика” йўналиши “Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш” соҳасига киради. Бу соҳа бўйича ўз ҳужжатини топшириши мумкин бўлган университет ҳамда институтлар рўйхати ҳам аниқ белгиланган. Мабодо ўша соҳага киритилган олий ўқув юрти бўлса, бу йўналишда бемалол иштирок этиши мумкин.

Искандар Ходжаевдан илтимос қилиб, ўша иловани олдик. Қизиғи, бу иловада “Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш” соҳаси бўйича номзодлар ҳужжатини юбориши мумкин бўлган олий таълим даргоҳлари рўйхатида барибир ўша Тошкент архитектура-қурилиш институтининг номи йўқ.

Иловадан лавҳа.

 

Гапимиз исботи учун юқорида номи келтирилган йиғилиш баённомасининг юқорида номи келтирилган иловасида айнан бу йўналишда белгиланган олий ўқув юртлари номини келтириб ўтсак: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Наманган давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти. Термиз давлат университети, Фарғона давлат университети, Урганч давлат университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент молия институти. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети. Бори шу!

Хуллас, бу техник хатолик экани кўпроқ аён бўлиб турибди. Нима ҳам дердик. Иш бор жойда хато бўлади. Аммо уни тузатиш мумкин.

Ишонамизки, жамғарма мутасаддилари мақоламизга беэътибор бўлмайдилар ва мазкур хатони тез орада тузатадилар... Рўйхатда кўрсатиб ўтилган 729-рақамда журналистика йўналишининг чинакам вакили номи ёзилади. Ва яна ишонамизки, бошқа соҳалар бўйича ҳам бундай чалкашликлар йўқ.

Ҳасан Тошхўжаев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер