Хусусий мактабни битираётганларга қандай кўринишдаги шаҳодатнома берилади? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

14:05 17 Ноябрь 2020 Жамият
3119 0

Бугун АОКА пресс-холида ўтказилган брифингда Халқ таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Сарварбек Саъдуллаев халқ таълими тизимида Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар фаолиятини ташкил этиш борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Мактабларда жорий этилаётган Давлат-хусусий шериклик тамойилларининг халқ таълими тизимига нима фойдаси бор? Шунингдек, давлат ушбу лойиҳаларга молиявий томондан ҳам шерик бўладими?

Жавоб: Давлат-хусусий шериклик икки томон, яъни давлат ва хусусий секторнинг имкониятларини бирлаштирган ҳолда ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш учун моддий ресурсларнинг бирлаштирилиши ҳамда лойиҳа бўйича хавф-хатарларни томонлар ўртасида тақсимланиши назарда тутилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Вазирлик давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган нодавлат умумтаълим муассасаларининг олаётган молиявий даромадларига ҳамда фойдасига аралашмайди ва шерик бўлмайди. Аксинча, тадбиркорлик субъектларига маълум миқдордаги ўқувчиларни бепул ўқитиш каби ижтимоий мажбуриятлар юклатилади.

Савол: Давлат-хусусий шерикликнинг аҳолига нима фойдаси тегади?

Жавоб: Халқ таълими соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, биринчи ўринда, давлат балансидаги фойдаланилмасдан турган ёки самарадорлиги паст бўлган объектлар тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш ёки бошқариш учун топширилади. Қўшимча иш ўринлари, замонавий инфратузилма ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида давлат инфратузилмалари ташкил этилиши мумкин. Жумладан, ҳозирда

Халқ таълими вазирлиги Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида 4 та ва Тошкент вилоятида 12 та давлат умумтаълим мактаблари ташкил этилиши бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда, тегишли қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга ишланмоқда.

Савол: Фарзандимни хусусий мактабга берсам, у мактабни битираётганда қандай кўринишдаги шаҳодатнома олади?

Жавоб: Авваллари нодавлат умумтаълим муассасалари битирувчилари мазкур мактабнинг шаҳодатномасини олиш имкониятлари йўқ эди. Улар давлат умумтаълим мактабларида экстернат тариқасида якуний имтиҳон топшириб, давлат умумтаълим мактаби шаҳодатномасини олар эдилар.

Бугунги кунда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, нодавлат умумтаълим муассасалари ҳам худди давлат умумтаълим мактаблари сингари битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома беришларига шароит яратилди.

Савол: Ҳозир Ўзбекистонда нечта хусусий мактаб фаолият юритмоқда?

Жавоб: Бугунги кунга келиб, республика бўйича умумий 140 та тўлиқ хусусий нодавлат умумтаълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Шунингдек, 18 та нодавлат умумтаълим муассасаси ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар имзоланган. Биргина, Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, унда 52 та нодавлат умумтаълим муассасаси мавжуд. Нодавлат умумтаълим муассасалар сони, охирги йилларда нодавлат таълим секторига бўлаётган эътибор ва давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳисобига 6 бараварга ошган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер