Хуморанинг орзуси ушалди
Фото: Халқ сўзи
Жиззах вилояти Бахмал тумани Тойпоқсой қишлоғида яшовчи 17 ёшли Хумора учун Ёшлар куни ҳаётидаги энг муҳим сана, қўшалоқ байрам сифатида қоладиган бўлди. Хумора Республика болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётганида Президентимизга мактуб ёзиб, келажакда шу юрт учун хизмат қилмоқчилиги, бунинг учун, аввало, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кириш орзуси бор эканлигини билдирган эди.

Ёшлар куни муносабати билан вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, жамоат вакилларидан иборат фаоллар Хумора яшайдиган уйга ташриф буюрди.
— Қизимиз билан суҳбатлашиб, унинг тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги, орзу-умидлари юксаклигига яна бир бор амин бўлдим, — дейди Ўзбекистон жаҳон тиллари университети проректори Алишер Абиджонов. — Қизимиз даволаниб уйига қайтибди, бундан жуда хурсандмиз. Қишлоқ хушманзара, серсув, тоғ бағрида жойлашган, бу ҳаводан нафас олган ва сувидан ичган инсоннинг танида касаллик аломатлари қолмайди, албатта.
Хуморага мактубдаги тилакларнинг ижобати сифатида университет талабалигига давлат гранти асосида қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат тантанали равишда топширилди.

Шундан сўнг Президентимизнинг жавоб мактуби ўқиб эшиттирилди.
— Мактубни ўқишаётганида кўзларимдан тирқираб ёш оқиб кетди, — дейди Хумора Худойназарова. — Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори, меҳри ва ғамхўрлиги бутун оиламиз ва қишлоғимизни чексиз қувонтириб юборди. Энди мен ҳам ишончни оқлаб, касалликни енгиб, чуқур билим олишга ва юртимизга хизмат қилишга ваъда бераман.
Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг