Хотирласак, бугунги куннинг қадрига етамиз
Иккинчи жаҳон уруши бир халқ ва бир мамлакатнинг бошига тушган офат бўлмай, умумжаҳон ҳаёти ва келажагига рахна солган даҳшатли ҳодиса эди. Ўзбекистон халқи ҳам бевосита фронтда ва билвосита фронт ортида бу урушнинг иштирокчиси бўлди.
Халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонининг бир қисмини ўзига, қолганини бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондан бир миллион киши фронтга олиниб, уларнинг ярмигина Ватанимизга қайтган эди.
Бугун ўзим сайланган Наманган вилоятининг Норин туманида ҳозирда тирик тарих бўлиб турган бир қатор отахонлар билан суҳбатлашиб, ўша кунларни хотирладик. Аввало, суҳбатдошларим ҳақида. Норин туманида уларнинг сони атиги 4 нафар.
Саломов Турғунбой, 1923 йилда Норин туманида туғилган. 1942 йил 7 майда Норин туманидаги собиқ Октябрь жамоа хўжалигидан урушга кетган. Сталинград жангларида қатнашган. Урушдан кейин 1984 йилгача савдо соҳасида фаолият кўрсатган. Ҳарбий унвони оддий аскар. Ҳозирда Норин тумани Норинкапа маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди.
Юлдашев Базарвой, 1926 йил 15 февралда Норин туманида туғилган. 1944 йил 24 октябрда Норин тумани Катта Ўлмас жамоа хўжалигидан урушга кетган. Украина, Чехославакия, Германияда жанг қилган. 1946 йил 3 майда Германия устидан қозонилган Ғалаба медали, 1994 йил 6 майда Жасорат медали билан тақдирланган. Урушдан кейин тракторчи, бригадир бўлиб ишлаган. Ҳозирда Норин тумани Яшиқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди.
Маматов Турдивой, 1926 йил 15 июлда Норин туманида туғилган. 1943 йилда Норин тумани Катта Ўлмас жамоа хўжалигидан урушга кетган. Харьков, Ленинград жангларида қатнашган. Ҳарбий унвони оддий аскар. Ҳозирда Норин тумани Катта Ўлмас маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди.
Ўзбеков Ханафий, 1927 йил 15 майда Норин туманида туғилган. 1942 йилда Норин тумани Ҳаққулобод шаҳридан урушга кетган. Бир қатор жангларда иштирок этган. 1945 йил Сахалинда хизмат қилган. 1946 йилда Япония устидан қозонилган ғалаба учун медаль билан тақдирланган. Ҳарбий унвони сержант. Ҳозирда Ҳаққулобод шаҳрида яшайди.
Мана уларнинг хотиралари: “Иккинчи жаҳон уруши бошқа халқлар қатори ўзбек халқига ҳам беқиёс катта талофат келтирди. Минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолдилар. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Уруш йилларида чек-чегараси йўқ харажатлар халқни шу даражада қашшоқлаштирдики, буни таърифлаш жуда мушкул. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан ўлди. Уруш ўзбек халқининг бор-йўғидан тамомила айирди, кўрпа-ёстиғи, бошқа рўзғор анжомларидан мосуво бўлди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди. Очарчилик ва касалликлар қишлоқларда авжига миниб, кўп одамларнинг ёстиғини қуритди.
Хуллас, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Яратганга шукрки, бугун мустақиллик шарофати ила ўша мудҳиш уруш йилларининг азобини тортган ва тирик қолган кишилар қатори ҳаёт гаштини суриш бахтига муяссар бўлиб турибмиз”.
Шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талафотлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди.
Ўйлайманки, Иккинчи жаҳон уруши келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазалар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик қадрига етиши аниқ.
Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг