Хоразмлик тадбиркорлар 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, ҚҚСни 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Йиғилишда саноатни ривожлантириш жамғармасидан Хоразмга 100 миллион доллари ажратилиши маълум қилинди.
Урганч тумани “Чакка-шоликор” қишлоғида технопарк ташкил қилиш, йил якунигача электротехника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари йўналишида 100 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Бунга қўшимча ажратиладиган 25 миллион доллар ҳисобидан кичик ва ўрта саноат лойиҳаларига 1,5 миллиард сўмгача 18 фоиздан 7 йил муддатга кредитлар берилади.
Шунингдек, хоразмлик тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар белгиланди.
Жумладан, импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Сотилган кўчмас мулк учун тўлов 3 ойда амалга оширилганда 25 фоиз чегирма берилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади.
Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларини 50 фоизи Экспорт жамғармасидан қоплаб берилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг