Хоразмда эҳтиёжманд оилаларга бепул янги уйлар топширилди

17:06 11 Октябр 2022 Жамият
605 0

Хоразм вилояти Янгибозор туманида юзта хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Аҳамиятлиси, мазкур уйлардан 3 та хонадон «Аёллар дафтари» ва «Меҳр дафтари»да рўйхатда турган оилаларга бепул топширилди.

–Ўз уйинг-ўлан тўшагинг, деб бежиз айтмаганлар, - дейди янги уй соҳибаси Малика Матмуродова. – Бу қанчалар ҳақиқат эканини биз каби ижарама–ижара юрганлар жуда яхши билади. 2018 йилда турмуш ўртоғим вафот этганидан кейин уч фарзандим билан ижара уйларда анча қийинчиликларни бошимиздан ўтказдик. Туманимизда янги барпо этилган уйлардан икки хонали хонадон бизга ҳам насиб этди. Болаларимнинг хурсандлигини кўрсангиз эди... Инсон ва унинг қадрини улуғлаш шунчаки сўзларда эмас, амалда исботини топаётганини ўзим кўриб, ҳис қилиб турибман.

Худди шундай, Шовот туманида «Меҳр дафтари» рўйхатида турган 8 нафар йигит-қизни янги уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган эди. Улардан бири Мадинабону Ражабовага ҳам туманда янги фойдаланишга топширилган уйлардан 2 хонали квартира ажратилди.

–Севинчимни сўз билан ифодалаб беролмайман, – дейди Мадинабону. –Бундай замонавий уй-жойга эга бўлиш мен учун ушалмас бир орзу эди. Янги хонадонда барча шароит муҳайё. Мебель, телевизор, кир ювиш машинаси, қўйингки, бир оила учун нима зарур бўлса, ҳаммаси тахт. Давлатимизнинг бу ғамхўрлигидан умрбод миннатдорман.

 

                                                                                                                                          Одилбек Одамбоев,

                                                                                                                                                      («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер