Хоразм вилоятида ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш масалалари ўрганилди

10:15 29 Январь 2026 Сиёсат
573 0

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятига ташрифи доирасида ижтимоий-иқтисодий ҳолат, хавфсизлик ва аҳолига яратилган шароитлар билан танишди.

Урганч туманида яқинда ишга туширилган, сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган «Тилла Дамар» хусусий корхонаси фаолияти ўрганилди. Ушбу корхонада 100 та иш ўрни яратилган бўлиб, 50 дан зиёд сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн АҚШ доллари, экспорт ҳажми эса, 2,5 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Урганч шаҳар ҳокимлиги биносида жойлашган Ягона ахборот-таҳлилий ва мониторинг маркази (ситуацион марказ)да шаҳар ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар реал вақт режимида кузатилиб, фавқулодда вазиятлар, жамоат хавфсизлиги ва коммунал тизимлар ҳолати таҳлил қилинади. Хусусан, Урганч ақлли шаҳар лойиҳасининг жорий этилиши, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда профилактик тадбирларни ташкил этиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган амалий лойиҳалар тақдим этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда депутатлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилган, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилган, шунингдек, очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган самарали механизмлар жорий этилган.

Депутатлар ўз фаолиятида депутатлик сўровлари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда овоз бериш жараёнларида рақамли технологиялар имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишлари зарурлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан ҳам танишди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилояти бошқармасига топширилган янги замонавий бинода яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирди. Аҳолига қулай хизматлар кўрсатиш, эҳтиёжманд қатламлар билан самарали ишлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш учун барча зарур имкониятлар яратилгани қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер