ХХ асрда Туркистонда мардикорликка қарши юзага келган Жиззах қўзғолони ҳақида фильм суратга олинади
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ezgu film” студияси томонидан «Бўйсунмас» («Жиззах қўзғолони») номли тарихий-бадиий фильм суратга олинади. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур фильм 1916 йили Туркистон ўлкасида юз берган ва кейинчалик, тарихда турли номлар билан аталган ва турлича талқин қилинган, аслида эса миллий озодлик ҳаракати даражасига қадар кўтарилган маҳаллий аҳоли вакилларини мардикорликка олишга қарши қўзғолон ҳамда унинг энг фожиали қисми бўлмиш Жиззах воқеаларига бағишланади. Фильмда бош қаҳрамон Назирхўжа эшоннинг ҳаёти орқали ўша давр воқеликлари кўрсатиб берилади.
Сценарий муаллифлари Ҳасан Тошхўжаев, Жаҳонгир Аҳмедов, постановкачи режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, постановкачи оператор Рустам Муродов, либослар бўйича рассом Зуҳра Ғаниева, постановкачи рассом Баҳриддин Шамсутдинов, режиссёр Отажон Достонов, продюсер Зафар Йўлдошев.
Фильм воқеалари Тошкент, Жиззах вилоятларида ҳамда Беларус давлатида тасвирга олинади. Ҳозирда фильмнинг суратга олиш объектлари билан танишиш ва кастинг жараёнларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг