Хиванинг жозибаси Европа ОАВ нигоҳида
Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда Нидерландиянинг «SP Entertainment Productions» ва «Euronews» телекомпаниялари вакилларидан иборат ижодий гуруҳ қадимий Хивада бўлиб, Хоразмнинг бой маданий мероси ҳақида тасвирга олиш ишларини олиб боришмоқда.
Ижодкорлар Хоразм вилояти қўғирчоқ театрида ташкил этилган ҳунармандчилик устахонаси фаолияти билан танишиб, маҳаллий усталар нозик дид ва юксак маҳорат билан ясаётган буюмларга ишлов бериш жараёнларини тасмаларга муҳрлашди.

ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган «Лазги» рақси меҳмонларда катта таассурот уйғотди. Бу рақс орқали улар нафақат мусиқанинг, балки ҳар бир ҳаракат ортидаги фалсафий маънони ҳам ҳис қилишди. Хиванинг тарихий обидалари, меъморий ёдгорликлар, тор кўчалари ва қадимий мадрасалар ижодкорлар эътиборидан четда қолмади. Мазкур ташриф Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда ёритишда яна бир муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг