Хиваликларнинг азалий орзуси ушалди
Қадимий кентда барпо этилган замонавий вокзалга биринчи йўловчи поезди етиб келди.
Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободончилик ишлари туфайли қадимий Хива шаҳри беқиёс чирой очиб, замонавийкентга айланмоқда. Натижада аҳолига ҳамда сайёҳларга катта қулайлик яратиляпти. Ана шундай эътиборга молик янгиланишлардан бири транспорт инфратузилмаси билан бевосита боғлиқ.
Куни кеча Тошкент-Жанубий вокзалидан йўлга чиққан йўловчи поезди Хива темир йўл вокзалига кириб келди. Бу тарихий воқеа, айтиш жоизки, барчага чексиз қувонч, унутилмас лаҳзаларни бахш этди. Дастлабки йўловчиларни Хоразм вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар тантанали кутиб олишди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, журналистлар қатнашган тадбирдасўнгги йилларда юртимизда бу каби эзгу ишлар кўлами тобора кенгаяётгани фахр-ифтихор билан айтиб ўтилди. Бинобарин, қадимий Хивага поезд келиши Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.
Маълумки, Президентимиз 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал қуриш, сайёҳлар учун қулай транспорт хизматини йўлга қўйиш мақсадида поездлар қатновини ташкил этиш юзасидан топшириқ берган эди. Қисқа вақт оралиғида бу эзгу ташаббус рўёбга чиқди. Умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилди.
Темир йўлчилар томонидан Урганчдан Хива шаҳригача 30 километрдан зиёд янги темир йўл ётқизилди. Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо қилинди. Вокзал биносининг ташқи қиёфаси Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттирганлиги билан жуда жозибали кўринади. Унинг олд тарафида мусиқий фаввора бунёд қилинган. VIP-зал, она ва бола, тиббиёт хоналарида барча қулайлик мавжуд. Вокзалда 35 нафар ишчи бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатади. Бу ерда 20 ўринли меҳмонхона ҳам бор.
Тадбирда меҳмонлар вокзалдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Лойиҳанинг кейинги босқичида Хивага замонавий тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида оралиқ масофани босиб ўтиш вақти икки баробардан кўпроққа қисқаради. Яъни йўловчилар Хивадан Тошкентга 6-6,5 соатда етиб боришади.
Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият ҳадя этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О. Раматов, Хоразм вилояти ҳокими Ф. Эрманов сўзга чиқди.
Поезднинг илк йўловчилари таассуроти қандай?
Элёр НОСИРОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:
— Кўп йиллардан буён Хоразмда бўлмагандим. Хива шаҳрида вокзал биноси очилиши тантаналарида иштирок этиш учун пойтахтдандавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндаларининг бир гуруҳиТошкент — Хива йўналишидаги йўловчи поездида келдик. Ундаги шароит қулайлиги сабаб вақт қандай ўтганини ҳам сезмай қолдик. Шаҳарда вокзал биноси бунёд этилиши баробарида, унинг атрофида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари амалга оширилибди. Буларга фақат қойил, дейиш мумкин.
Гавҳаржон ИБОДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари:
— Бугун бутун халқимиз, хусусан, хиваликлар учун катта байрам, унутилмас кун, тарихий воқеа бўлди. Хивага поезд қатновининг йўлга қўйилиши ва замонавий вокзал биносининг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги арафасида чинакам туҳфа бўлди, десак, муболаға эмас.
Ушбу тантанада иштирок этиб, улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳаяжонландим. Мустақиллик шарофати, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсатининг инъикоси бўлган бу муҳташам бинога қараб кўз тўймайди.
Жулиет ХИЛТЗЕР, сайёҳ (Франция):
— Қадимий Хивага турмуш ўртоғим ва қизларим билан биргаликда саёҳатга йўл олгандик. Буни қарангки, сафаримиз Урганч ва Хива шаҳарлари орасидаги темир йўл линияси ҳамда Хива шаҳрида замонавий вокзал биноси фойдаланишга топшириладиган тарихий санага тўғри келибди. Мазкур йўналишда ҳаракатланадиган поезднинг илк йўловчилари бўлганимиздан мамнунмиз.
Бутун йўл давомида поезд хизматчилари бизга сифатли сервис хизматлари кўрсатишди. Айниқса, тантанали очилиш маросимидаги миллий куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари қалбимизда бир умрга муҳрланиб қолади.
Нодир ОТАЖОНОВ, меҳнат фахрийси:
— Тарихдан маълумки, Феруз тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Раҳимхон бундан 130 йил олдин шаҳарга темир йўл келтиришга кўп бор уриниб кўрган, аммо орзусига етмаган. Бу хиваликлар учун армон бўлиб келаётган эди. Мазкур умидлар Президентимиз ташаббуси билан қисқа муддатда амалга ошди. Темир йўл нафақат хорижлик сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам қулайлик яратиши баробарида, миллий транспорт-коммуникация соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий самараларини тасдиқлаб берди.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг