Хитойликлар сумалак сайлини бошлаб юборишди
Бағдод туманининг чекка ҳудудида жойлашган “Хитой” МФЙ аҳли қўшалоқ хурсандчилик оғушида кўклам таомларини пиширишга киришдилар.
Гап шундаки, 2023 йилнинг 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Президентимиз ушбу маҳаллага келиб, Абдуғаффор ва Раънохон Халиловлар оиласи билан самимий суҳбатлашган эди. Ўшанда фарзандлар бахту камолини кўриб, дориламон кунлар шукронаси билан яшаётган маҳалла нуронийлари ҳудуддаги мактабга қўшимча дарсхона ҳамда МФЙга замонавий хизмат биноси қурилишида амалий ёрдам сўрашган эди. Ўтган қисқа вақт мобайнида 22-умумий ўрта таълим мактаби учун 210 ўринли, маҳалла фуқаролар йиғинига эса 3 қаватли янги бино қад ростлади.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида маҳалланинг 4,5 км ички йўллари асфальт қилинди, ичимлик суви, электр тармоқлари яхшиланди. Томорқачилик, паррандачилик, мебелсозлик, темирчилик каби тармоқларда янги лойиҳалар ишга туширилди ва янги иш ўринлари яратилди.
— Юртимизда кўклам нафаси сезилиб қолган шу кунларда маҳалладошлар хонадонимизда сумалак сайли бошладик, — дейди ”Хитой” МФЙда истиқомат қилувчи Санобархон Маҳкамова. — Қўшалоқ тантана сифатида нишонланган сумалак сайлида кўклам таомлари пиширилди, палов дамланди. Хонадонимизда тонгга қадар ўлан ва лапарлар, қадрдон куй-қўшиқлар янгради.
Айтиш жоиз, бугунги кунда маҳалладаги 758 та оилада 2800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг