Хитойлик жарроҳларнинг беминнат ёрдами туфайли 103 ёшли ҳамюртимиз яна ёруғ дунёни кўриш бахтига мушарраф бўлди​ 

11:19 24 Декабрь 2019 Жамият
1603 0


Бу ҳақда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда шу йилнинг 22 ноябридан 11 декабригача “Ёрқин йўл” халқаро экспресс акцияси муваффақиятли ўтказилди. Зеро, унинг давомида Хитойдан келган шифокорлар ва мутахассислар катарактаси бор беморларни бепул жарроҳлик амалиётидан ўтказди. Бутун мамлакат бўйича 450 дан зиёд аёллар, болалар ва ўрта ҳамда катта ёшдагилар яна ёруғ дунёни кўриш бахтига мушарраф бўлди. 

Тадбир Хитой соғлиқни сақлаш миллий қўмитаси халқаро алоқалар маркази томонидан ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси, “Саломатлик экспресси” ва ХХРнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди. Пекин университети қошидаги Халқ шифохонаси офтальмолог-шифокорлар гуруҳи чекка ҳудудлардаги катарактаси бор беморларни Самарқанд ва Тошкентдаги иккита даволаш пунктида операция қилди.
 

“Ёрқин йўл” акцияси Марказий Осиёда илк маротаба ўтказилмоқда ва унинг Ўзбекистондан бошланиши алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур қадам, энг аввало, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши ифодасидир. ХХР Раиси Си Цзиньпин одамларнинг саломатлиги миллат ва мамлакат гуллаб-яшнашининг муҳим кўрсаткичи, деб таъкидлаб келади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги муҳофазасини янада яхшилаш, уни тиббиёт тизими фаолияти билан таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси эканлигини қайд этади.

2016 йил июнида Раис Си Цзиньпин Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Олий Мажлисда нутқ сўзлар экан, “Соғлом Ипак йўли”ни яратиш бўйича муҳим ташаббусни илгари сурганди. Жорий йил ноябрь ойи бошида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиб, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари йиғилишида иштирок этган Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецян келгуси уч йил давомида Хитой аъзо давлатлар ҳамда кузатувчи мамлакатларда “Саломатлик экспресси” халқаро лойиҳасини амалга оширишини эълон қилди. Бунинг доирасида катарактани олиб ташлаш бўйича минглаб бепул операциялар амалга оширилади. Эътиборлиси, мазкур жарроҳлик амалиётлари Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТга аъзо бошқа давлатлар раҳбарлари томонидан юксак баҳоланган.

Ўзбекистон “Ёрқин йўл” акция ўтказиладиган биринчи мамлакат сифатида танланди. ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси ўринбосари Цюй Ли ҳамда “Саломатлик экспресси” жамғармаси раиси ва таъсисчиси Фан Хуан Цзивэнь мана шу тадбирда қатнашиш учун Ўзбекистонга келди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова шифохонада хитойлик шифокорлар билан учрашди. Бу ҳам томонларнинг Хитой — Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини англатади.

Мамлакатлар ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик кадрлар тайёрлаш йўналишини ҳам қамраб олади. Операцияларнинг тиғиз кун тартибига қарамасдан хитойлик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан билим ва тажрибаларни фаол алмашиб келяпти, офтальмологияда фойдаланилаётган энг янги ишланмалар, технологиялар ҳамда материалларни намойиш этди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва клиникалари раҳбарлари Хитойдаги тиббиёт муассасаларига тиббиёт ходимларини юборишга тайёр эканликларини билдирди. Таклифлар эса қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, ХХР вакиллари Самарқанд кўз касалликлари шифохонаси базасида “Саломатлик экспресси”нинг офтальмологик марказини очиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканликларини изҳор этди.
 

“Саломатлик экспресси” пайдо бўлиши тарихи ҳақида гап кетганда, бу хайрли ҳаракат 1997 йилда Гонконгдаги ватандошлар томонидан марказий ҳукуматга совға сифатида амалга оширилган эди. Ўшанда унинг шифохонаси поезд кўринишида бўлган. Бу сафар Хитойнинг тиббиёт жамоаси ўша рамзий транспорт воситасида келмаган бўлса-да, лекин ўша эзгу миссияга содиқлигини сақлаб қолди. Мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ташхис қўйиш, скрининг ва операцияларнинг энг олд қаторларида ўзаро яқиндан иш олиб боришди. Уларнинг профессионал иши туфайли юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга кўз нури қайтарилди. Энг ёш бемор саккиз ойлик, энг кексаси эса 103 ёшли киши бўлди.

Хитой — Ўзбекистон ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биргаликда қуришнинг муҳим қисмидир. Тошкентда Хитой Фанлар академиясининг Марказий Осиё тиббий дори-дармонлар илмий-тадқиқот маркази фойдаланишга топширилди. Ўз навбатида, юрак-қон томир касалликлари бўйича Хитойдаги етакчи мутахассис, Фувай клиникаси профессори Пан Сянпинь Ўзбекистонда операциялар ўтказди, яқинда Хитой — Ўзбекистон анъанавий тиббиёт маркази очилади. “Ёрқин йўл” акциясининг муваффақиятли якунланиши нафақат муҳим соҳадаги ҳамкорлик мазмунини бойитди, балки халқларимизни руҳан ва маънан яқинлаштиришга хизмат қилди. Хитой томони одамларга “Соғлом Ипак йўли” ғоясининг ҳаётга татбиқ этилишидек эзгулик имкониятларини тақдим қилиш мақсадида тиббиётнинг инновацион шаклларини биргаликда жорий этишга тайёрдир.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер