Хитойлик инвесторлар Навоий вилоятида
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитой Халқ Республикасининг «Shanghai Xiaozhuang Technology» компанияси раҳбарияти билан истиқболли лойиҳалар хусусида музокара олиб борди.
Учрашувда вилоят ҳокимининг 2024 йилнинг 30 ноябрь — 5 декабрь кунлари Хитой Халқ Республикасига ташрифида эришилган келишувларнинг кейинги босқичи юзасидан режалар тўғрисида фикр алмашилди.
— Навоий вилоятида кимё, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа саноат соҳаларида янги лойиҳаларни биргаликда ишга тушириш, хусусан, вилоятда Хитой инвесторлари иштирокида янги саноат зонаси ташкил этиш масалалари муҳокама этилди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. — Шунингдек, Навоий шаҳрида замонавий тураржой мажмуаси қуриш, вилоятдаги инфратузилма лойиҳаларига (иссиқлик тизими, йўл қурилиши) хитойлик сармоядорларни жалб қилиш, вилоятнинг чўл ҳудудларини Хитой тажрибаси асосида яшил маконга айлантириш ҳамда чўлланишнинг олдини олиш мақсадида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича ҳам томонлар келишувларга эришди.
Учрашувда компания томонидан Навоий вилоятида амалга оширилиши мумкин бўлган яна бир қатор лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг