Хитойда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди
2019 йилнинг 19 август куни Пекин шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Хитой Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Йи билан биргаликда Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда мамлакатимизнинг Хитой пойтахтидаги Элчихонаси янги биносининг очилишига бағишланган тантанали қабулда иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.
Абдулазиз Камилов ўз нутқида мамлакатимиз очиқ, ҳар томонлама вазмин, тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бораётганини, Хитой билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш эса Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланишини таъкидлади.

Вазир «Бир макон, бир йўл» иккинчи Халқаро форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Сзинпин ўртасида бўлиб ўтган жуда самарали ва анъанавий илиқ музокаралар икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикчиликни янада мустаҳкамлашга кучли туртки берганини қайд этди.
«Ўзбек халқ меъморчилиги асрий анъаналарининг ўзига хос кўринишлари ҳамда замонавий архитектура талабларини мужассам этган Ўзбекистоннинг Пекиндаги Элчихонаси янги биносининг очилиши Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг юқори даражада эканлигини яққол тасдиқлайдиган далиллардан биридир», – деди Абдулазиз Камилов.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Вазир Ван Йи ва Хитой томони вакилларини жорий йилнинг 1 октябрь куни кенг нишонланадиган юбилей – ХХР ташкил топганининг 70 йиллиги билан ҳам самимий табриклади.

Тадбирда Хитой Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Йи табрик нутқи сўзлади. У Хитой ва Ўзбекистон бир-бирига самимий ишонувчи, яхши дўстлар ва яхши шериклар ҳисобланишини таъкидлади. Ўтган 27 йил давомида Хитой-Ўзбекистон муносабатлари вақт синовидан ўтиб, ривожланишнинг мустаҳкам ўсиш суратларини сақлаб қолди, икки томонлама муносабатларда эса ривожланишнинг барқарор ва соғлом муҳити ҳукм сурмоқда.
2017 йилдан бошлаб ХХР Раиси Си Цзинпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзаро ташрифлар билан алмашдилар ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишди, улар ўртасида чуқур шахсий муносабатлар ўрнатилди.
Ван Йи Пекин шаҳридаги Ўзбекистон Элчихонасининг янги биноси давлатларимиз халқлари ўртасидаги мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорликнинг тимсолига айланишига умид билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг